Бокс федерацияси Тошкентда ўтказиладиган ЖЧ айрим мамлакатлар томонидан бойкот қилиниши муносабати билан ўз позициясини билдирди
Ўзбекистон бокс федерацияси айрим мамлакатларнинг май ойида Тошкентда бўлиб ўтадиган эркаклар ўртасидаги бокс бўйича жаҳон чемпионатини бойкот қилиш ҳақидаги баёнотларига ўз позициясини билдирди, деб ёзади «Газета.uz» нашри.
«Ҳар икки йилда бир марта ўтказиладиган катталар ўртасидаги жаҳон чемпионати Халқаро бокс ассоциацияси (IBA) томонидан ташкил этилади. Ўзбекистон томони мусобақада иштирок этиш учун рўйхатдан ўтган мамлакатларнинг қатнашиш ёки қатнашмаслигини белгилаш ваколатига эга эмас. Ўзбекистон мусобақани ўтказувчи давлат ҳисобланади ва ташкилий масалалар билан шуғулланади. Чемпионат қатнашчилари, терма жамоалар, спортчи ва мураббийлар, ҳакамларни рўйхатдан ўтказиш IBA томонидан амалга оширилади», — дейилади федерация хабарида.
Чемпионатда иштирок этувчи мамлакатлар, терма жамоалар, спортчилар ва мураббийлар, шунингдек, ҳакамларни рўйхатга олиш IBA томонидан амалга оширилади. Ўзбекистон жаҳон чемпионатига мезбонлик қилиш ҳуқуқини қўлга киритганида, айрим жамоалар ёки спортчиларнинг халқаро турнирларда иштирок этишига ҳозирча ҳеч қандай чекловлар йўқ эди, – дея эслатади федерация.
«Ўзбекистон халқаро спорт нормаларига риоя қилувчи давлат бўлиб, спорт сиёсатдан холи тамойилини қўллаб-қувватлайди», — дея таъкидлайди федерация.
Аввалроқ АҚШ, Чехия, Ирландия ва Швеция Ҳиндистон ва Ўзбекистонда ўтказилиши керак бўлган жаҳон чемпионатига бойкот эълон қилган эди. Буюк Британия ҳам Нью-Деҳлидаги аёллар ўртасида ўтказиладиган жаҳон чемпионатида иштирок этмайди. Бундай қарор россиялик ва беларуслик спортчиларнинг ўз мамлакатлари байроқлари остида турнирга қўйилиши муносабати билан қабул қилинди.
Шарҳлар