Ҳиндистон ва Ўзбекистонда ўтказиладиган бокс бўйича жаҳон чемпионатига қатор мамлакатлар бойкот эълон қилди

Источник: unsplash.com

Швеция ва Канада боксчилари ҳаваскорлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида иштирок этмайди, улар Россия ва Беларусь спортчилари иштирок этгани сабабли АҚШ ва Ирландия ташаббуси билан бошланган бойкотга қўшилди. Бу ҳақда Reuters агентлиги ёзади.

Эркаклар ва аёллар чемпионатлари Халқаро бокс ассоциацияси (IBA) томонидан ташкил этилади, унинг президенти россиялик Умар Кремлев. Россиянинг Газпром энергетика компанияси IBA’ нинг энг йирик ҳомийси ҳисобланади.

Бокс ташкилоти Россия ва Беларусь боксчиларига 24 февраль куни Россиянинг Украинага бостириб кириши ортидан Халқаро Олимпия Қўмитаси (ХОҚ) кўрсатмаларига қарши ўз байроқлари ва мадҳиялари остида беллашишга рухсат берди.

Швеция бокс федерациясининг раиси Пер-Аксель Сьохолм сешанба куни ТТ ахборот агентлигига IBA устидан тақдим этилган шикоятларга ишора қилиб, унинг бошқарувида “на демократия, на шаффофлик” борлигини айтади.

“Биз IBA ҳаракатларига қўшилмаймиз, – дейди у. – Биз кўп йиллар давомида ўзгаришларни амалга ошириш учун ишладик, аммо муваффақиятга эриша олмадик. Шунда улар ўзлари Россия ва Беларусга миллий байроқ остида рақобат қилишга рухсат беришга қарор қилишди”.

15-25 март кунлари Нью-Деҳлида аёллар чемпионати, май ойида эса Тошкентда (Ўзбекистон) эркаклар ўртасидаги чемпионат бўлиб ўтади.

Boxing Canada президенти Райан О’Ши Канада матбуотига канадалик боксчилар ҳам ҳаваскорлар ўртасидаги жаҳон чемпионатларида қатнашмаслигини айтди.

“Биз бу ҳаракатга қўшилдик, – дейди Райан О’Ши бойкотга ишора қилиб. – Биз спортимиз дуч келадиган хавф ва унинг Олимпия ўйинлари дастуридаги келажагидан жиддий хавотирдамиз”.

Буюк Британия бошқарувчи органи ўз боксчилари аёллар чемпионатларида иштирок этмаслигини ва эркаклар ўртасидаги турнирда қатнашиш имкониятини кўриб чиқаётганини айтди. АҚШ, Ирландия ва Чехия ҳам иккала чемпионатда қатнашмайди, деди уларнинг раҳбар органлари.

IBA “бойкот ташаббускорлари ва унга қўшилганларга қарши кучли санкциялар” қўллаши ҳақида огоҳлантирди.

Декабрь ойида ХОҚ боксни Париж-2024 ўйинларидан чиқариш масаласини кўтариб чиққан ва IBA’да спортга ёки спортчиларга “ҳақиқий қизиқиш йўқлиги”да ушбу ташкилотни айблаган эди.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.