Болалар боғчасига йўлланма олиш учун энди давлат хизматлари марказига бориш шарт эмас

Фото: Norma.uz

Ўзбекистон Адлия вазирлиги, Мактабгача таълим агентлиги ва Ахборот технологиялари вазирлиги болалар боғчасига йўлланма олиш тартибини соддалаштирди, дея хабар қилмоқда Давлат хизматлари агентлиги матбуот хизмати.

Агар аввал ота-оналар йўлланмани давлат хизматлари марказидан олиши (агар ариза марказ орқали берилган бўлса), натижада вақт ва пул сарфлашга тўғри келган бўлса, энди йўлланма шакллантирилганда ота-она SMS-код олади, уни болалар боғчаси мудирига кўрсатиш керак бўлади.

“Болалар боғчаси мудири сиз йўлланмани тасдиқловчи махфий кодни айтмагунингизча, йўлланмани кўра олмайди, бу эса коррупция ҳолатларининг олдини олади”, дейилади хабарда.

2022 йилда мамлакатда болалар боғчасига жойлаштириш учун 1,405 миллиондан ортиқ йўлланма берилган бўлса, 2023 йилнинг тўққиз ойида бу кўрсаткич 1,022 миллионни ташкил этган. Давлат хизматлари агентлиги ҳисоб-китобларига кўра, янгилик йилига 1,2 миллион варақданзиёд қоғоз ёки 6 тонна қоғоз тежаш имконини беради.

Болани боғчага жойлаштириш учун ариза ЯИДХП (my.gov.uz) орқали бериш мумкин.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.