Болаларни эрта ёшдан ривожлантиришни такомиллаштириш лойиҳаси қандай кетмоқда

Самарқандда Мактабгача таълим агентлиги ва Жаҳон банки мутасаддилари иштирокида матбуот анжумани ташкил этилди. Унда,  лойиҳа амалиёти ҳақида маълумотлар берилди. Қайд этилганидек, халқаро тажрибага кўра, сифатли мактабгача таълимга сармоя киритиш болаларни мактаб таълимига тайёрлаш, ижтимоий мослашуви, зарурий билим ва ижтимоий-ҳиссий кўникмаларини ривожлантиришни таъминлайди. Ўзбекистонда ҳам айни мақсадда халқаро ташкилотлар билан илғор лойиҳалар амалиётга жорий этилмоқда.

2019-2023 йилларга мўлжалланган таълим соҳасини ривожлантириш режасига мувофиқ, Жаҳон банки билан ҳамкорликда Ўзбекистоннинг олис туманлари ва чекка ҳудудларида мактабгача таълимнинг янги — муқобил шакллари амалиётга татбиқ этилди. Самарқанд вилояти Тайлоқ педагогика коллежи негизида йўлга қўйилган “Болаларни эрта ёшдан ривожлантиришни такомиллаштириш” лойиҳаси ҳам ана шу ишларнинг навбатдагиси бўлди. Лойиҳа доирасида тажриба-синов тариқасида ҳар бири 20 та ривожлантирувчи ўйин гуруҳини ўз ичига олган “Илк ривожланиш марказлари” иш бошлаган эди. Оммавий ахборот воситалари вакиллари Самарқандда ўтказилган пресс-тур давомида ушбу марказнинг фаолияти билан яқиндан танишди.

Лойиҳанинг бош мақсади боланинг ёши ва индивидуал имконияти, қобилияти ва эҳтиёжига мос равишда кейинги жисмоний, ақлий ва маънавий ривожланиши, ижтимоий мослашуви, алоҳида эҳтиёжли болаларга индивидуал таълим дастурлари, шунингдек, замонавий инклюзив мактабгача таълим-тарбия олиш имконини берувчи қулай муҳит яратишдан иборат.

“Илк ривожланиш марказлари” уч модель асосида фаолият кўрсатмоқда. Биринчи модель бўйича 3–6 ёшли болалари бўлган, мактабгача таълимга қамраб олинмаган, шунингдек, чекка қишлоқ жойларда яшовчи ва мактабгача таълим олиш имкониятига эга бўлмаган оилаларга борилади. У ерда болалар билан ишлаш оилаларда, ота-оналарнинг фаол иштирокида “Илк қадам” давлат ўқув дастурига мувофиқ ташкил этилади.

Иккинчи модель ўйин гуруҳлари асосида ишлайди. Бу гуруҳлар 3–7 ёшли болалар учун “Илк ривожланиш маркази”да очилади. Таълим-тарбия жараёни “Илк қадам” давлат ўқув дастурига мувофиқ амалга оширилади, ота-оналар ихтиёрий равишда иштирок этса бўлади. Ўйин гуруҳлари муайян ёш ёки турли ёшдаги болалардан ташкил топади. Ушбу гуруҳдаги болалар 15 нафардан 20 нафаргача бўлиши мумкин.

Учинчи модель бўйича соғлиғи туфайли имконияти чекланган 2–6 ёшли болалари бўлган оилаларга борилади. Алоҳида таълимга муҳтож болалар билан ишлашда ота-оналарга зарур психологик-педагогик ёрдам кўрсатилади. Уйга дефектолог, психолог, тарбиячилар боради.

Лойиҳа экспертларининг таъкидлашича, “Болаларни эрта ёшдан ривожлантиришни такомиллаштириш” лойиҳаси тажриба сифатида муваффақиятли синовдан ўтган.

– “Ушбу лойиҳа кўплаб ёлғиз оналар, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар ва имконияти чекланган оилалар фарзандларига ҳаётда ижтимоийлашувига ёрдам бериб, уларни психо-ижтимоий қўллаб қувватлайди.Бу билан инсонларнинг жамиятда ўринини топишга, шунингдек эътибордан ва қамровдан қолган болажонларни ёшига мос ривожланишига хизмат қилади”.

Тойлоқ туманида 50 та маҳалла бор, шундан 41 та маҳалладаги болалар қамраб олинган. Энг узоқ маҳаллалар марказдан 45–50 км масофада жойлашган.

Лойиҳа бошидан буён 1 413 та оила ва бу оилаларнинг 1617 нафар фарзандлари марказ томонидан қамраб олинган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.