Бош прокуратура Qalampir.uz нашрининг ходимларига нисбатан билдирилган таҳдидларни тергов қилмоқда
QALAMPIR.UZ’га Юнусобод тумани 2-мавзеда фаолият олиб бораётган бир гуруҳ тадбиркорлардан мурожаат келиб тушган. Унда уларга тегишли дўконлар ва хизмат кўрсатиш объектлари ноқонуний қурилма сифатида бузиб ташланаётгани, бироқ ноқонуний қурилма экани ҳақида ҳеч қандай ҳужжат, суд қарори йўқлиги хусусида сўз борган.
Мурожаат келиб тушган илк соатлардаёқ QALAMPIR.UZ жамоаси – журналист Феруза Нажмиддинова ва юрист-консультант Шоҳруҳ Олимжонов, оператор Хўжамиёр Холматов воқеа жойига етиб борган. Прокуратура ходими [исми айтилмаган] видеоларни ўчириш, акс ҳолда журналистни ва унга ҳамроҳлик қилаётган QALAMPIR.UZ ходимларини Ички ишлар бўлимига олиб бориш ва керакли жойда гаплашиш билан таҳдид қилган.
Бош прокуратура ушбу воқеани текширишини билдирди.
Нашр “Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 5-моддасига таянади, унда журналист ўз касбига доир фаолиятни амалга ошириш чоғида ахборотни тўплаш, таҳлил этиш, таҳрир қилиш, тайёрлаш ва тарқатиш ҳуқуқига эга эканлиги белгиланган. Шунингдек ушбу қонуннинг 8-моддаси журналистнинг дахлсизлигини ҳам кўзда тутади.
Шарҳлар