Бош режаларни ишлаб чиқиш бўйича Республика кенгаши ташкил қилинади
Хорижий экспертларнинг таҳлилларига кўра, “генплан”лар ишлаб чиқилмаса, 2030 йилга келиб инфратузилма харажатлари 2 бараварга ошади ҳамда қишлоқ хўжалиги ерлари 30 минг гектарга камайиб кетади. Ўзбекистон президенти йиғилишда ана шундай маълумотларни келтирди.
Йиғилишда сўнгги беш йилда туман ва шаҳар бош режаларини ишлаб чиқишга 510 миллиард сўм ажратилгани, бироқ бугунги кунда 163 та туман ва шаҳарнинг бош режаси ишлаб чиқилиши зарур бўлсада, 83 та туман ва шаҳарнинг бош режаси ҳалигача якунига етказилмагани танқид қилинди.
Ёки, бош режаси бор ҳудудларда ҳам ер ажратиш ва қурилиш “генплан”га зид равишда амалга оширилмоқда. Ўтган йилнинг ўзида республикада 814 та бундай ҳолат аниқланиб, Тошкент, Бухоро, Самарқанд, Қашқадарё, Фарғона, Хоразм ва Наманган вилоятларида анча юқори.
«Шаҳарларнинг аввал тасдиқланган бош режалари аҳоли ва иқтисодиётнинг бугунги кундаги ўсиш суръатлари, саноат ва хизмат кўрсатиш инфратузилмаси талабларига мос эмас», — деди президент.
Мирзиёев мисол сифатида Наманган шаҳрининг 2007 йилда тасдиқланган бош режасини келтирди, унга кўра 2035 йилгача аҳоли 630 минг нафарга етиши прогноз қилиниб, ҳисоб-китоблар қилинган. Ваҳоланки, бугунги куннинг ўзида Наманган шаҳри аҳолиси қарийб 1 миллион нафарга етди.
Ҳудудларнинг бош режалари ва мастер режаларини ишлаб чиқиш бўйича Республика кенгаши тузилади. Қурилиш вазирлигида Бош архитектор лавозими жорий қилиниб, унга вазирнинг биринчи ўринбосари мақоми берилади.
Шунингдек, туман ва шаҳар қурилиш бўлимига архитектор раҳбарлик қилади ва ҳудуднинг бош архитектори бўлади. Республика кенгашига Қурилиш вазирлиги Бош архитектори ва Иқтисодий тараққиёт вазирлиги биринчи ўринбосари раҳбарлик қилади.
Бош схема, Бош режа ва мастер режалар ишлаб чиқиш учун жорий йилда 200 миллиард сўм ажратилади.
Шарҳлар