Божхона қонун доирасида ишлайдиган тадбиркор тарафида – Илхом Мухтаров

Источник: Айсулу Турдигалиева/Anhor.uz

8 ноябрда бўлиб ўтган очиқ мулоқатда Давлат божхона қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Илхом Мухтаров бир гуруҳ тадбиркорлар билан учрашиб, асосий эътиборни божхона тартиб-таомилларини амалга оширишда ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари дуч келаётган муаммо ва тўсиқларни жойида бартараф этишга қаратди.

2022 йилнинг 10 ойи давомида Бекобод шаҳрида рўйхатдан ўтган тадбиркорларнинг 52,3 миллон АҚШ доллари қийматидаги маҳсулотлари «экспорт» божхона режимига расмийлаштирилган. Йил бошидан 5 ноябрга қадар мазкур ҳудуддаги «Ойбек», «Бекобод» ва «Фарҳод» чегара божхона постлари орқали нақд шаклда салкам 468 миллион АҚШ доллари олиб ўтилган, шундан салкам 466 миллион АҚШ доллари республикамизга олиб кирилган.

Қўмитанинг маълумотида келтирилишича, божхона соҳасида жорий қилинаётган енгилликлар ва қулайликлардан тўғри фойдаланмасдан, ўзининг ғайриқонуний ниятларини амалга ошириш йўлида суистеъмол қилаётган шахслар ўзининг қинғир хатти-ҳаракатларини «экспортни ривожлантириш» ниқоби остида хаспўшлашга уриниб, давлат божхона хизмати органлари фоалиятини обрўсизлантириш орқали жамоатчиликни чалғитишга ўринишмоқда.

4 ноябрь куни «Youtube» платформасида «Ойбек божхона чегара постида Президент ислоҳатларини менсимай пора олинмоқдами? Экспортёрлар норози!» сарлавҳаси остида видеоматериал тарқалди.

Бу видеоматериалда жами 8 нафар шахс, жумладан 2 нафари Тожикистон ва 6 нафари Ўзбекистон фуқаролари ҳамда 2 нафари юзи кўрсатилмаган шахслар томонидан товарларни экспорт қилишдаги муаммолари баён этилган.

Қўмита вакиллари эса бу айбловни асоссиз деб ҳисобламоқда. Очиқ мулоқатда Давлат божхона қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Илхом Мухтаров тадбиркорлардан пора олган ходимларнинг ошкор қилишни ва уларга нисбатан жойида чора кўрилишини таъкидлади. Лекин, бу ҳақида ҳеч ким индамади.

Шунингдек, Илхом Мухтаров божхона доим қонуний йўл билан ишлайдиган тадбиркорни тарафида туришини ҳам айтиб ўтди. – Интервью берган шахслар томонидан Тошкент вилояти божхона бошқармасининг «Ойбек» чегара божхона пости орқали олиб чиқилаётган юклар орасида тақиқланган товарлар йўқлиги такрор ва такрор таъкидланган. Лекин, юклар орасида тақиқланган товарлар бўлмаса ҳам божхоначиларга пора беришганини айтишган. Эсдан чиқармаслик керакки, қонунда пора берган ҳам, пора олган ҳам жиноятчи ҳисобланади».

Давлат божхона қўмитасининг Шахсий хавфсизлик бошқармаси томонидан бир неча шахсларнинг республикамиздан олиб чиқилиши тақиқланган минерал ўғитларни Ўзбекистондан Тожикистонга, божхона тўғрисидаги қонунчиликни бузган ҳолда олиб ўтиш билан давомли равишда шуғулланиб келаётганлиги бўйича маълумотлар олинган.

Уларга кўра, Тошкент вилояти божхона бошқармасининг «Ойбек» чегара божхона пости орқали юксиз ҳолатида ўтказилган, шунингдек, хўжалик товарлари ташиб ўтилган автомашиналарда аслида 98 000 кг минерал ўғитлар (аммиачная селитра) олиб ўтилганлиги ўз тасдиғини топган.

Айни дамда ушбу ҳолат юзасидан Давлат божхона қўмитасининг суриштирув ва маъмурий амалиёт бошқармаси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилиб, ЖКнинг 182-моддаси билан жиноят иши қўзғатилган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.