Британия компанияси Наманганда 90 миллион долларга канализация тизимини қуради
23 декабрь куни Молия вазирлигида “Metito Utilities Limited” компанияси (Буюк Британия) “Наманган шаҳрида давлат-хусусий шериклик асосида оқова сувларни тозалаш иншоотларини қуриш” лойиҳаси бўйича тендер ғолиби деб топилди. Бу ҳақда вазирликда маълум қилинди.
“Ушбу лойиҳа бўйича икки босқичли очиқ ва шаффоф тендер ўтказилди. Тендернинг биринчи босқичида лойиҳага қизиқиш билдирган 23 та хорижий компанияга олдиндан малакавий ҳужжатларни (RFQ) тақдим этиш бўйича сўров юборилди. Тендернинг иккинчи босқичида Буюк Британиянинг Metito Utilities Limited компанияси, шунингдек, Нидерландиянинг Almar Water Solutions BV консорциуми иштирок этди”, — дейилади вазирлик хабарида.
Тақдим этилган молиявий таклифларга кўра, Metito Utilities Limited компаниясидан имконлилик учун тўлов суммаси 97,5 миллиард сўмни, » Almar Water Solutions BV » компаниясидан эса 103,1 миллиард сўмни ташкил этади.
20 декабрь куни ушбу лойиҳа бўйича идоралараро тендер комиссияси Metito Utilities Limited компаниясини халқаро тендер ғолиби деб тан олди, у молиявий таклифга кўра имконлилик тўлови учун энг паст нархни – 9 миллион долларни йиллик тўловни таклиф қилди.
“Наманган шаҳрида давлат-хусусий шериклик асосида оқова сувларни тозалаш иншоотларини қуриш” лойиҳасининг қиймати 90 миллион долларни ташкил этади. Муддати – 25 йил, шундан дастлабки 2 йил қурилиш даври ҳисобланади. Лойиҳа доирасида кунига 100 000 м3 қувватга эга оқова сувларни тозалаш иншооти ва узунлиги 7,5 км бўлган канализация тармоғини қуриш кўзда тутилган.
Шарҳлар