«Бу соҳада ўн йилга кечикканмиз» – президент Uzbekistan airways компаниясини ислоҳ қилиш тўғрисида

Источник: пресс-служба президента Узбекистана

Президент Шавкат Мирзиёев 14 декабрь куни “Uzbekistan airways” акциядорлик жамиятини трансформация қилишга оид таклифлар тақдимоти билан танишди.

Хусусан, “Uzbekistan airways” акциядорлик жамиятини ислоҳ қилиш бўйича туркиялик мутахассис Илкер Айжи жамоаси билан иш олиб борилмоқда. У “Турк ҳаво йўллари” авиакомпаниясини бошқарган кезда уни минтақавий даражадан глобал миқёсга муваффақиятли олиб чиққан.

Тақдимотда давлатимиз раҳбарига “Ўзбекистон ҳаво йўллари”ни трансформация қилиш ва ривожлантириш бўйича ишлаб чиқилган стратегия ҳақида ахборот берилди. Унга мувофиқ, авиакомпанияга халқаро тажриба асосида корпоратив бошқарув тизимини жорий этиш, ҳаво кемаларини кўпайтириш, хизматлар сифатини ошириш ва юк ташиш тармоғини кенгайтириш чоралари кўрилади. Хорижий инвесторларни жалб этган ҳолда авиакомпанияни жаҳон стандартлари асосида хусусийлаштириш ишлари якунига етказилади.

«Булардан кўзланган асосий мақсад “Ўзбекистон ҳаво йўллари”ни етакчи минтақавий авиакомпанияга айлантириш, шунингдек, аҳолининг маҳаллий ва халқаро йўналишларда арзон нархларда ҳаракатланишини таъминлашдан иборатдир», – дейилади давлат раҳбари матбуот хизматининг хабарида.

Президент бу режаларни маъқуллаб, унинг ижросига тезроқ киришиш кераклигини таъкидлади.

–  Бу соҳада ўн йилга кечикканмиз. Авиакомпания эскича услубда ишлаяпти, йўловчилар хизмат сифатидан рози эмас. Агар иқтисодиётимизни, туризмни ривожлантирамиз десак, яккаю ягона йўлимиз шу, – деди Шавкат Мирзиёев.

Авиакомпанияда лойиҳа офиси тузиб, транформация жараёнини мувофиқлаштириб бориш бўйича тавсиялар берилди.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.