“Чармсаноат” уюшмаси фаолияти тубдан ўзгартирилади – Президент

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент раислигида маҳаллий саноат тармоғидаги ички имкониятларни сафарбар этиш орқали аҳолини ишли ва даромадли қилиш масалалари юзасидан видеоселектор йиғилиши бошланди. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот хизмати ёзмоқда.

“Ҳозирда амалга оширилаётган йирик инвестиция лойиҳалари билан бирга тез фурсатда маҳаллада юзлаб иш ўрни ва экспортбоп маҳсулот яратадиган, юқори даромад келтирадиган кичик ва ўрта корхоналар кераклиги таъкидланди. Бу борада энг катта захира маҳаллий саноат тармоқлари ҳисобланади. Шу муносабат билан учта муҳим соҳа – чарм, гилам ва пиллачилик саноатида ҳал қилиниши лозим бўлган муаммолар бор. Йиғилишда айрим вазир ва ҳокимлар бу соҳа тадбиркорларини эшитмаётгани, тайёр имкониятлардан тўғри фойдалана олмаётгани кўрсатиб ўтилди”, – дейилади хабарда.

Ўтган йили чармсаноатда ишлаб чиқариш ҳажми ўсиб, қарийб 3 триллион сўмга етди. Лекин, шуни ярми Андижон ва Фарғонага тўғри келади.

Республикадаги жами терининг 40 фоизини берадиган Қорақалпоғистон, Бухоро, Жиззах, Сурхондарё ва Хоразмнинг чармсаноатдаги улуши уларнинг имкониятига мос эмас.

Маҳсулотига бозор топиш, айланма маблағ масалалари сабабли айрим корхоналар ўтган йилни зарар билан якунлаган. Ўтган йили чармсаноат экспортида тайёр маҳсулот улуши атиги 30 фоиз бўлган.

Давлат раҳбари икки йил олдин 155 гектар жой ажратилиб, чармга ихтисослашган 16 та кичик саноат зонаси қилинганини қайд этган.

“Оҳангарон ва Ургут туманларида лойиҳалар бошланган бўлса-да, Нурафшон шаҳрида, Уйчи, Ангор, Қўқон, Қўштепа, Олтинкўл, Шароф Рашидов туманлари, Наманган шаҳри, Шаҳрихон, Самарқанд, Ҳазорасп, Бухоро, Нукус туманлари, Қарши шаҳрида бу ишлар лозим даражада ташкил этилмагани танқид қилинди. Соҳада янги лойиҳалар учун 40 миллион доллар арзон ресурс ажратилгани, халқаро кредит линияларидан 100 миллион доллар жалб этилганига қарамай, мутасаддилар бу борада сусткашликка йўл қўяётгани кўрсатиб ўтилди”, – дейилади.

Соҳада энг асосий масалалардан бири, бу – хом ашё.

Кластерларда қорамолни кўпайтириш билан бирга, аҳоли хонадонлари ва терини қайта ишлаш корхоналари билан кооперацияни йўлга қўйиш 25 та туманда чорвачилик кластерлари ташкил қилинган.

Лекин, ер ажратиш ва кредит масаласи тўлиқ ҳал қилинмагани учун барча кластерларнинг ҳам фаолияти ҳали юриб кетгани йўқ. Масалан, 19 та кластерга етарли ер майдонлари ажратилмаган.

Айтилган муаммоли масалалардан келиб чиқиб “Чармсаноат” уюшмаси фаолиятини тубдан ўзгартириш зарурлиги таъкидланган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.