Давлат статистика қўмитаси 2021 йил учун минимал ойлик харажатларни ҳисоблади

Источник: Wendy Wei/pexels.com

Давлат статистика қўмитаси минимал истеъмол қиймати миқдорини маълум қилди. Ушбу кўрсаткични ҳисоблаш тартиби Вазирлар Маҳкамасининг 27.08.2021 йилдаги «Минимал истеъмол харажатлари қийматини ҳисоблаш тартибини амалиётга жорий этиш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ жорий этилди, деб ёзади “Норма” нашри.

2021 йилда республиканинг барча ҳудудларида 10,6 минг уй хўжаликлари ўртасида ўтказилган кузатув натижалари асосида минимал истеъмол харажатлари қиймати ҳисобланди.

Бунда, халқаро услубиётдан келиб чиқиб, минимал истеъмол харажатларини ҳисоблашда сўровномада иштирок этган уй хўжаликлари харажатлари миқдори бўйича ўнта гуруҳга ажратилди. Ушбу оилалар орасидан энг кам харажат ва даромадга эга бўлган 30% уй хўжаликлари ажратиб олинди.

Сўровнома асосида мазкур уй хўжаликларида жон бошига кунлик истеъмол қилинадиган озиқ-овқат (2200 ккал) ва зарур бўлган ноозиқ-овқат товарлар ҳамда хизматлар учун минимал истеъмол харажатлар бир ойда киши бошига 498 минг сўмни ташкил этиши ҳисоб-китоб қилинди.

2020 йилда 5,4 минг уй хўжалиги ўртасида ўтказилган сўровнома якуни бўйича дастлабки ҳисобланган минимал истеъмол харажатлари 2021 йил нархларида 440 минг сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг май ойида эълон қилинган.

Жаҳон тажрибасида минимал истеъмол харажатлари кўрсаткичидан қуйидаги мақсадларда фойдаланилади:

  • давлатнинг моддий ва бошқа ижтимоий кўмакларига муҳтож аҳолининг мақсадли гуруҳини аниқлашда;
  • аҳолининг реал истеъмол хусусиятлари ва талабларини инобатга олган ҳолда мамлакат камбағаллик чегарасини белгилашда;
  • камбағалликка қарши курашиш стратегияси ва дастурларида белгиланган вазифа ва чора-тадбирларнинг натижадорлиги ҳамда манзиллилигини оширишда, шунингдек уларнинг доимий мониторингини юритишда;
  • пенсиялар ва нафақаларнинг энг кам миқдорини, шунингдек кам таъминланган оилаларга бериладиган бошқа турдаги моддий кўмаклар миқдорини белгилашда.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.