“Ғишткўприк” чегара-божхона постидаги тирбандликлар юзасидан изоҳ берилди

Foto: Kun.uz

Тошкент вилояти Божхона бошқармаси ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлаётган “Ғишткўприк” чегара-божхона постида кузатилаёган тирбандликлар мавзуси юзасидан баёнот эълон қилди.

Таъкидланишича, мазкур пост Ўзбекистон, қолаверса, Марказий Осиёдаги аҳоли ва енгил автотранспорт воситалари энг кўп ҳаракатланадиган чегара-божхона постларидан бири ҳисобланади ва бу кўрсаткич йилдан йилга ошиб бормоқда.

Масалан, 2024 йилнинг ўтган 7 ойи давомида пост орқали 5,7 млн. нафар фуқаро ҳамда 177 мингдан зиёд автотранспорт воситалари ҳаракатланган. 2021 йилга нисбатан таққосланганда, пост орқали ҳаракатланган жисмоний шахслар 3 баробарга, автотранспорт воситалари сони эса 4 баробарга ошган.

Айни кунларда “Ғишткўприк” чегара божхона пости орқали бир кунда ўртача 35-40 минг (кириш-18-20 минг, чиқиш-17-20 минг) нафар фуқаро ҳамда 1000-1200 (кириш-600-650, чиқиш-500-600) та енгил автотранспорт воситалари ҳаракатланмоқда.

Шу боисдан ҳам постнинг ўтказувчанлигини ошириш, бу ердан ҳаракатланаётган жисмоний шахслар ва автотранспорт воситалари учун замонавий ва қулай шарт-шароитларни муҳайё қилиш, божхона назорати ва расмийлаштирувига сарфланадиган вақтни қисқартириш мақсадида ҳозирда “Ғишткўприк” божхона постини реконструкция ва модернизация қилиш ишлари олиб борилмоқда.

Қайд этилишича, Ўзбекистон-Қозоғистон билан чегарадаги “Навоий” (Ўзбекистон) – Капланбек (Қозоғистон) чегара-божхона постлари ҳар икки давлат томонидан модернизация ва реконструкция қилинаётгани сабабли ҳозирда ёпиқ.

Шунингдек, Қозоғистонга чиқиш йўналишидаги “С.Нажимов” (Ўзбекистон) – “Казыгурт” (Қозоғистон), “Сирдарё” (Ўзбекистон) – “Атамакен” (Қозоғистон) чегара божхона постларининг Қозоғистон томонида реконструкция ишлари олиб борилмоқда.

Шу муносабат билан ушбу постлар орқали пиёдалар, автобус, енгил ва юк кўтариш қобилияти 3,5 тоннагача бўлган юк автотранспорт воситалари ҳаракати реконструкция даврида вақтинчалик тўхтатилган.

Бу эса “Ғишткўприк” чегара-божхона постида фуқаролар ва транспорт воситалари ҳаракатида вақтинчалик юклама юзага келишига сабаб бўлмоқда.

Чегара-божхона постларида жисмоний шахсларнинг божхона назорати узлуксиз амалга оширилади. Фуқароларнинг асосий қисми “яшил” йўлак орқали ҳаракатланаши сабабли божхонада йўловчиларнинг тўпланиб қолишига сабаб бўладиган касбий омил мавжуд эмас.

Чегара-божхона постларида фақатгина божхона эмас, бир нечта назорат идоралари фаолият юритишини инобатга олсак, ушбу идораларга тегишли ахборот тизимларида вақти-вақти билан кузатилаётган узилишлар ҳам қисқа муддатли тирбандликларга сабаб бўлмоқда.

Қолаверса, меҳнат миграцияси, ёзги таътил ва байрам арафасидаги зиёрат туризми сабабли август ойи чегара-божхона постларида фуқаролар гавжумлиги ошадиган палла ҳисобланади.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, енгил автотранспорт воситалари орқали ҳаракатланаётган фуқароларни Тошкент вилоятининг Чиноз туманидаги “Яллама” чегара божхона пости орқали ҳаракатланишлари тавсия қилинди.

“Ғишткўприк” чегара-божхона пости кечаю кундуз фаолият юритишини инобатга олиб, постдан ўтишда сутканинг фуқаролар ва транспорт воситалари гавжум бўлмаган вақтини танлаш мақсадга мувофиқлиги таъкидланган.

Ҳозирда кузатилаётган ноқулайликлар вақтинчалик ҳарактерга эга бўлиб, постдаги қурилиш-бунёдкорлик ишлари якунига етгач, тўлиқ бартараф бўлиши маълум қилинди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.