Халқдан 12 трлнга яқин фоизсиз кредитни олган UzAuto Motors 5 млрд сўмга PR хизматларини кўрсатувчи ташкилот учун танлов эълон қилди 

Фото: Anhor.uz

UzAuto Motors томонидан 2023 йилнинг 25−27 декабрь кунлари амалга оширилган оммабоп автомобиллар контрактацияси даврида компания фаолиятида қатор камчиликлар кузатилгани, шартномалар беришдаги ва UzAutoSavdo платформасидан фойдаланишда юзага келган муаммолар тармоқ фаоллари, фуқаролар ва ОАВларнинг диққат марказида бўлди.

Бу жараёнлар эса кўплаб саволларни келтириб чиқариб, ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлди. Ана шу даврда жами 171 минг 200 дан ортиқ шартномалар муваффақиятли тузганлигини ошкор қилган UzAuto Motors халқдан салкам 12 триллион сўм миқдорида фоизсиз кредит олгани ҳақида ёзгандик.

Тармоқларда “UzAuto Motors 2024 йилда ўз имиджини яхшилаш мақсадида 4 млрд сўмдан ошиқ маблағ сарфламоқда. Бунга эришиш учун у PR компанияларга мурожаат қилган” мазмунида хабарлар тарқалди.

Ўтказилган тендер баённомасидан кўчирма

Унга кўра, etender.uzex.uz порталини кўздан кечириш давомида айни ушбу тендер билан танишдик. Лойиҳа эълони 04.12.2023 йилда эълон қилинган ва 12.12.2023 йил куни якунланган. Ушбу тендерда 2 та компания иштирок этган. 5 та меъзон асосида танловдан ўтказилган 2 МЧЖ 5 миллиардлик шартнома учун икки хил нарх кўрсатган. Тендердан кўринадики 3 800 000 000 сўм нарх тақдим қилган GRANDPR MCHJ, 4 223 214 000 сўм таклиф қилган ООО WE ARE DIGITALни тендерда мағлуб этган. 

Ўтказилган тендер баённомасидан кўчирма

Ўтказилган тендер баённомасидан кўчирма

Тендернинг биринчи талаби мана шундай, “Инқирозга қарши PR ва танқидлар билан ишлаш тажрибаси мавжудлиги (хизмат кўрсатиш муддатларини кўрсатган ҳолда – кейслар, портфолио)”. Бундан кўринадики 2024 йилда ишлаб чиқариши режалаштирилган 171 минг 200 дан ортиқ шартномаларни имзолаган UzAuto Motors ўзининг кучли ҳимоясига киришаётганлигини билиш қийин эмас.

Доим UzAuto Motors томонидан шартнома очилди дейилиши биланоқ тармоқларда кескин муҳокамаларга сабаб бўлувчи ушбу жараёнлар, автомобилларнинг сифати ҳақидаги постларга кучли ёндашув ва ҳимоя керак бўлади. Ўйлаймизки, буни олдиндан кўра олувчи UzAuto Motors кучли PR компания билан шартномани амалга оширган.

Ўтказилган тендер баённомасидан кўчирма

Биорқ, нега катта нархни сўраётган компания танланмаганлиги очиқланмаган. Лот № 23120012327340 бўйича Энг яхши таклифларни танлаш учун харид комиссиясининг баённомасидаги барча меъзонларда иккала компания хам бир хил баллар билан баҳоланган. Бироқ, комиссиянинг иштирокчилар молиявий қисми қўшилган ҳолда қўйилган якуний баҳосида баллар орасида тафовут вужудга келган. 

423 210 000 сўм камроқ таклиф билан 5 миллиард сўмлик тендерда ғолиб бўлган GRANDPR MCHJ 2020 йилда давлат рўйхатидан ўтган, фаолият манзили Тошкент шаҳри, Юнусобод тумани, Амир Темур Шох кўчаси 95 а уй этиб кўрсатилган. Компания раҳбари ва таъсисчиси Абдураззаков Ораз Рахимджанович ҳисобланади. 

Шунингдек, баённомада заҳира ижрочи сифатида танловда юта олмаган иккинчи компания ООО WE ARE DIGITAL кўрсатиб ўтилган.

2024 йилда UzAuto Motorsнинг Инқирозга қарши PR ва танқидлар билан ишлаш тажрибасини кузатишда давом этамиз.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.