Ҳавонинг ифлосланишида мазутнинг “айби” йўқ
2 февраль куни ижтимоий тармоқларда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигининг “Тошкент иссиқлик электр станциясида мазутдан фойдаланилаётгани аниқланди” сарлавҳали мақоласи эълон қилинганди. Мақолада “Текширув давомида корхонада (“Тошкент ИEС” назарда тутилмоқда) газ асосий ёқилғи ҳисоблангани, шунингдек, қўшимча ёқилғи сифатда мазутдан фойдаланилаётганлиги аниқланди. Шу сабабли Тошкент шаҳри ҳавосини тутун қоплаган”, дея алоҳида таъкидланган ва шу билан Тошкент шаҳрининг ҳавоси ёмонлашиб, ПМ-2,5 майда дисперсли заррачалар миқдорининг кескин ошиб кетиши айнан мазкур корхонада мазут ёқилиши туфайли рўй бергандек таассурот уйғотилганди, деб ёзяпти Энергетика вазирлиги.
Айтиш жоизки, Тошкент вилояти ҳамда пойтахт ҳудудида “Иссиқлик электр станциялари” АЖга қарашли 11 та иссиқлик электр станцияси ва иссиқлик марказлари мавжуд бўлиб, шундан 6 тасида (Тошкент вилоятида жойлашган «Тошкент ИEС», Тошкент шаҳрида жойлашган 3 – 5, 9 – 10 иссиқлик марказлари) чиндан ҳам куннинг тиғиз вақтларида, табиий газ таъминотида босим пасайган пайтда аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларини электр ҳамда иссиқлик энергияси билан барқарор таъминлаш мақсадида захира ёқилғиси сифатида мазутдан фойдаланилади.
«Мазут ёқилғисининг ишлатилиши жараёни эса қонунчиликда белгиланган тарзда барча масъул идоралар, хусусан, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги билан ҳам келишилган тартибда йўлга қўйилган. Станцияда мазут ёқилиши натижасида атмосферага зарарли моддаларнинг чиқишини камайтириш мақсадида белгиланган техник параметрларга мос келувчи фильтрлар ўрнатилган. Келгусида барча иссиқлик электр станцияларига ёқилғидан чиқаётган зарарли моддаларни 95 фоизгача камайтириб берадиган қўшимча фильтрларни ўрнатиш кўзда тутилган. Шу билан бирга, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги томонидан тасдиқланган меъёрий ҳужжатда станцияда мазут ёқилиши технологияси ҳамда ундан чиқадиган зарарли моддалар ҳисоб-китоблари келтирилган. Ушбу ҳужжат талабларига кўра, корхонада ҳавога ташланаётган моддалар белгиланган меъёр талабларидан ҳеч қачон ошмаган», – дейилади хабарда.
Хусусан, “Тошкент иссиқлик электр станциясида мазутдан фойдаланилаётгани аниқланди” сарлавҳали мақола эълон қилинган 2-феврал куни юқоридаги корхоналарда захира ёқилғисининг максимал сарфи суткасига 5 минг 17 тоннани ташкил этган бўлиб, ўша куни атмосфера ҳавосидаги РМ-2,5 майда дисперсли заррачалар миқдори 35,1мкг/м3ни ташкил қилган. Бу эса ЖССТ тавсияларидан 7 баробар юқори эди.
Бугун соат 16:00 га қадар юқорида қайд этилган корхоналар томонидан 600 тонна мазут ёқилган. Аммо шунга қарамай бугун соат 14:10 ҳолатига кўра, пойтахт ҳавосидаги ПМ-2,5 майда дисперсли заррачалар миқдори 162 мкг/м3ни ташкил этган. Бу “ўта зарарли” ҳисобланади ва ЖССТ тавсияларидан 32,4 марта кўпроқ.
Ушбу миқдор Тошкент жаҳондаги ҳавоси энг ифлос шаҳарлар рўйхатида 3-ўринга чиқишини таъминлаб берди.
«Бу эса пойтахт ҳавосининг ифлосланишида мазутнинг заррача ҳам ҳиссаси йўқлигини, иссиқлик электр станцияларида ушбу ёқилғи Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги билан келишилган меъёрий талаблар асосида ёқилаётганини яна бир карра исботлайди. Атроф-муҳитни асраш масаласи эса барчамизнинг, жумладан, Энергетика вазирлиги тизим ташкилотлари, иссиқлик электр станциялари олдида турган муҳим вазифа ҳисобланади. Бу борада сўнгги пайтларда оммавий ахборот воситалари ва кенг жамоатчилик томонидан билдирилаётган эътирозлар ҳамда ташвишлар бизни ҳам ўз ишимизга янада масъулият билан муносабатда бўлишга даъват қилади», – дейилган муносабатда.
Шунинг учун биргина “Тошкент ИEС”да ҳавога ташланаётган моддалар зарарини камайтириш, экологик мувозанатни сақлаш мақсадида 2023-йил давомида 10 мингдан ортиқ дарахт кўчатлари экилди. Ва бу каби ишлар бугун барча ёқилғи-энергетика корхоналари томонидан изчил олиб борилмоқда.
Шарҳлар