Хоразмда ўрдаклар ноқонуний овлангани ортидан экоинспекторлар ишдан олинди
Хоразм вилояти Экология бошқармаси ходимларининг ов жараёнида акс этган суратлари юзасидан хизмат текшируви тайинлангани маълум қилинган эди. Табиат ресурслари вазирлиги матбуот хизмати текширув натижаларини эълон қилди.
Аниқланишича, 2019 йилнинг январида Ҳазорасп тумани экология бошқармасининг бошлиғи И.Қўчқоров ўзига тегишли ов қуроли ва ов қилиш гувоҳномаси билан Янгибозор туманида овга чиққан, бироқ у тегишли тартибда ов қилиш йўлланмасини олмасдан, икки бош ёввойи чурракни овлаган.
Шунингдек, ўрганишлар жараёнида шу куни инспекторлар Ж.Собиров ва Н.Оллоберганов Янгибозор тумани ҳудудида рейд тадбирини амалга ошираётган вақтида воқеа жойида И.Қўчқоровни учратиб, улар бирга суратга тушгани, аммо инспекторлар томонидан ушбу қонунбузилиш ҳолати юзасидан тегишли тартибда ҳеч қандай чора кўрилмагани аниқланди.
Ҳозирда И.Қўчқоров экология тизимида ишламайди. У билан тузилган меҳнат шартномаси ўзининг хоҳишига кўра, 2022 йил 1 ноябрдан бекор қилинган.
Ушбу ҳолат юзасидан унга нисбатан тўпланган ҳужжатлар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 36 ва 38-моддаларига асосан кўриб чиқиш учун тегишли тартибда расмийлаштирилиб, суд органларига тақдим этилган.
Ж.Собиров ва Н.Оллоберганов ўз фаолиятини соҳага оид қонун ҳужжатлари, низом ва лавозим йўриқномасида белгиланган ваколатлари доирасида амалга оширмагани қонуний тартибда кўриб чиқилиб, улар эгаллаб турган лавозимидан озод этиш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Шарҳлар