ИИБ ходимлари Facebook’даги шарҳлари учун икки журналистнинг ота-онасини суҳбатга чақирди

Источник: Kun.uz

Журналист Инобат Аҳадова Facebook’даги постлари учун онаси 8 декабр куни Нарпай тумани ИИБга чақирилганини маълум қилди, деб ёзади Kun.uz нашри.

Журналист ёзган постлари учун нега ўзи эмас, балки ота-онаси ИИБга суҳбатга чақирилгани, бундан қандай мақсад кўзланганини савол остига олган.

«Мен ҳозир 27 ёшдаман, ўз ҳаракати, гапи учун ўзи жавоб бериши керак бўлган, муомала лаёқатига эга фуқароман. Ёши улуғ, мен учун саломатлиги ҳамма нарсадан қадрли бўлган ота-онамни бошқа овора қилманглар, бирор нарсани аниқлаштирмоқчи бўлсангиз, ўзимдан сўранг», – дейди Инобат Ахатова.

«Бу иш орқали ота-онам ва менга руҳий босим қилмоқчи бўлишдими? Телефон рақамимни олишган, лекин бир кун ўтса-да улардан ҳеч ким телефон қилмади, вазиятни изоҳламади... Фейсбукка келсак, у ерда мен шахсий фикрларимни конституцияда кафолатланган фикрлаш, сўз эркинлиги ҳуқуқимдан фойдаланиб ёзаман. Бировнинг эркинлиги, шаънига дахл қилмаган ҳолда, албатта», – таъкидлайди у.

Шунга ўхшаш ҳолат бугун, 9 декабрь куни Gazeta.uz мухбири Шоҳрух Ҳайдаров билан ҳам рўй берган. Унинг ота-онаси Қаршида туради.

“Эрталабдан уйдан қўнғироқ бўлди, бу гал бегона рақамдан фақат. Кўтарсам, ички ишларданман, уйингга келдим, қаердасан, қачон келасан, гаплашиб олишимиз керак, деди бир ноташиш эркак. Тинчликми, ким бу ўзи десам, ИИБ тезкор қидирув бўлимиданман, Facebook’да бир изоҳ қолдирибсан, шунга, дея жавоб қайтарди”, – дейди у.

«Бечора онам бу нарсаларни у қадар тушунмайди, қон босими кўтарилиб кетибди. Отам хавфсираб алоҳида телефон қилдилар такрор. Хуллас, кап-катта йигит кишининг уйдагиларини тинчини бузишди, саломатлигини хавфга қўйишди! Кулгилиси, ИИО ходими бўла туриб, қаерда ўқишимни билмас экан, ваҳоланки профилимда ҳам ёзиб қўйганман катта қилиб. Тошкентда яшайди, шу ерга чақир ишинг бўлса… Умуман, қаерда ёзилган изоҳ учун алоҳида чақиртириш борлиги?!», – қайд этади журналист.

Ҳайдаровга кўра, ИИБ ходими айнан қайси изоҳ ҳақида гап кетаётганини айтмаган, фақат кимнинг постига ёзилган изоҳ эканини очиқлаган. Журналист айнан қайси изоҳ ҳақида сўз бораётганини эслаганини ёзади, бироқ унга аниқлик киритмаган.

Бу икки ҳолат фаолларнинг эътиборини ўзи қаратмасдан қолмади. Жамоатчилик журналистларнинг ота-онаси фарзандларининг ижтимоий тармоқдаги фикри учун таъқибга учраганини қоралади.

“Бу нима – англашилмовчиликми, ўзбошимчаликми, атай қилинган ишми, вояга етган инсоннинг сўзлари учун онасидан сўроқ сўраш қайси мантиқ ва қонунга кўра амалга оширилган – шу каби саволларга жавоб керак”, деб ёзган блогер Шаҳноза Соатова.

Ички ишлар вазирининг матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов юқоридаги иккита ҳолат бир-бирига боғлиқ эмаслиги, ҳудудий ИИБ раҳбарларининг “шахсий ташаббуси” бўлганини айтмоқда.

“Маълум бўлишича, Самарқанд вилояти Нарпай тумани ҳамда Қашқадарё вилояти Қарши шаҳар ИИБ раҳбариятининг шахсий ташаббуслари билан жамоатчилик фаоллари томонидан жамиятдаги турли ҳодисаларга ҳамда вақтинчалик қийинчиликларга холис ёндашишлари сўраб, И.Аҳатова ва Ш.Ҳайдаровнинг яқинлари билан суҳбат уюштирилган”, – дейилади Ғиёсовнинг Telegram-каналида эълон қилинган баёнотда.

Вазирнинг матбуот котиби ижтимоий тармоқлардаги фикри учун журналистларнинг яқинларини суҳбатга чақирган ходимларга танбеҳ берилганини билдирди.

“Ҳурматли журналистлар ва жамоатчилик фаоллари, юқоридаги ҳолат ўрганилди ва масъулларга танбеҳ берилди, келажакда ички ишлар органлари ходимларининг жамоатчилик назорати билан боғлиқ фаолиятингиз бўйича сўровлар ёки таклифлар келиб тушганда ички ишлар органларининг ахборот хизматларига боғланишингизни сўраймиз”, деб ёзган Шоҳрух Ғиёсов.

 

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.