Ҳиндистонда Marion Biotech компаниясининг учта ходими ҳибсга олинди
Ҳиндистон полицияси 3 март куни Ўзбекистонда 21 боланинг ўлимига алоқадор бўлган йўтал сиропларини ишлаб чиқарган фармацевтика фирмасининг уч ходимини ҳибсга олди, дея хабар беради Reuters.
Полиция Marion Biotech директори ва икки кимёгарни Дори-дармон стандартларини назорат қилиш марказий ташкилоти инспектори қабул қилган шикояти асосида ҳибсга олганини билдирди, у декабрда компания бўйича уч марта ва январда бир марта тергов ишини олиб борганди.
Ҳибсга олишлар Ҳиндистон ҳукумати лабораторияси томонидан ўтказилган синовлар, полиция ҳужжатига кўра, Marion Biotech Pvt Ltd дори воситаларининг 22 та намунаси “сохта ва қалбаки” эканлигини аниқлаганидан сўнг амалга оширилди.
“Қалбаки ва сохта дори воситалари жамиятга жиддий зарар етказиши мумкин, шу боис улар билан боғлиқ материаллар ва ёзувлар йўқ қилиниши мумкинлиги гумон қилинмоқда”, – дейди Дори-дармон стандартларини назорат қилиш марказий ташкилоти инспектори Ашиш Каундал ўз шикоятида.
Marion Biotech Pvt Ltd компаниясининг икки директори “мамлакатдан ташқарида бўлган ва улар Ҳиндистонга қўниши биланоқ ҳибсга олинади”, – дейди полиция ходими Рам Бадан Сингх Reuters агентлигига.
Ўзбекистон декабрь ойида Marion Biotech томонидан ишлаб чиқарилган йўтал сиропларини истеъмол қилган болалар вафот этганини билдирганди.
Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ўтказилган таҳлиллар «Амбронол» ва “ДОК-1 Макс” сиропларида этилен гликол токсини борлигини кўрсатди. Худди шу заҳар Ҳиндистоннинг бошқа бир компанияси Maiden Pharmaceuticals томонидан Гамбияга экспорт қилинган йўтал сиропларида ҳам топилган.
Компания ўз дори-дармонлари Гамбиядаги ўлимга сабаб бўлганини рад этади ва Ҳиндистон ҳукумати лабораторияси синовлари уларда токсинлар йўқлигини кўрсатган.
Ўзбекистон ва Гамбиядаги ўлимлар “дунё дорихонаси” деб номланувчи Ҳиндистоннинг 41 миллиард долларлик фармацевтика саноати обрўсига путур етказди.
Шарҳлар