Тошкент шаҳар ИИББ ота-оналарни “Рёдан” ёшлар ҳаракати ҳақида огоҳлантирмоқда

Фото: ГУВД Ташкента

Тошкент шаҳар ИИББга, Япон комиксларидан бирининг қаҳрамонларидан илҳомланган «Рёдан» халқаро ёшлар ҳаракати мухлислари юртимизда ҳам борлиги ҳақидаги хабарлар келиб тушди, деб ёзади Тошкент шаҳар ИИББ.

Дастлаб “Рёдан” ҳаракати ташкил этилганда, интернетдаги бир нечта виртуал жамоалардан иборат бўлган: улар япон анимация санъати мухлислари бўлиб, ўсмирларни қизиқишлари бўйича бирлаштиришдан бошқа мақсадларни кўзламаган эди. Болалар ўзларининг севимли санъатларини муҳокама қилар ва шунга ўхшаш кийимларни (орқасида ўргимчак расми ҳамда 4 рақами бўлган катакли шим ва футболкалар) танлашар эди.

«Бироқ, вақт ўтиши билан ҳаракатдан янги йўналиш ажралиб чиқиб, улар ичида бир қатор тажовузкор шахслар пайдо бўлди. Улар ҳудуддаги вазиятни беқарорлаштириш, ўсмирларнинг тўлиқ шаклланмаган дунёқарашига таъсир ўтказиш орқали уларни назорат қилишни мақсад қилиб олдилар. Бунинг оқибатида, тармоқдаги бегона шахсларнинг бузғунчи шиорлари таъсирига берилиб кетган болалар жамоат жойларида тўпланиб, оммавий тартиббузарликларни уюштира бошладилар», – дея қайд этади бошқарма.

Айни пайтда “Рёдан” ҳаракати томонидан уюштирилган бундай ҳолатлар Россия Федерацияси, Украина, Белорусия ва бир қатор бошқа давлатларда қайд этилган.

«Жанжаллар томонларнинг турли даражадаги тан жароҳатлари олишига, шахсларнинг мулкига зарар етказилишига, кўплаб маъмурий ва жиноий ишларнинг қўзғатилишига олиб келади».

ИИББ ота-оналарни фарзандларининг қизиқишларидан огоҳ бўлишга чақирди.

«Болаларнинг аниме ва мангага бўлган қизиқишини қоралаб бўлмайди. Лекин, бу қизиқиши туфайли у номаълум шахсларнинг таъсирига тушиб қолмаётганлигига, виртуал дунёни ҳақиқатдан ажрата олиш қобилиятини йўқотмаганлигига ишонч ҳосил қилинг.

Фарзандларингизнинг ҳаётига, уларда кечаёган ўзгаришларга бефарқ бўлманг: улар билан дўстона муносабатда бўлиш орқали қизиқишларини, иштиёқини муҳокама қилинг, шу йўл билан уларнинг фикрини ўрганасиз ва уларда бўлаётган ўзгаришларни сезиш имконингиз ошади», – дея хулоса қилади ИИББ ўз мурожаатида.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.