Инновациялар вазирлиги: ZF-UZ-VAC-2001 вакцинасининг иккинчи ва учинчи дозаларини киритишни кечиктириш антитанчалар миқдорига таъсир қилмайди

Инновациялар вазирлиги ZF-UZ-VAC-2001 Хитой-Ўзбекистон вакцинасининг иккинчи ва учинчи дозалари билан эмлашни тўхтатиш оммавий эмлаш жараёнига салбий таъсир кўрсатмаслигини билдирди.

«Эмлашнинг қисқа муддатли кечиктирилиши 1- ёки 2-дозадан кейин вакцина туфайли организмда ҳосил бўладиган антитаналар миқдорига ёки бошқа кўрсаткичларга таъсир кўрсатмайди. Илмий-тадқиқотлар ҳамда кўп сонли аҳоли ўртасидаги оммавий эмлашнинг дастлабки натижаларига кўра Хитой Халқ Республикаси дори воситаларини назорат қилиш агентлиги (CDC) томонидан вакцинанинг 1-дозаси ва 2-дозаси ўртасидаги оралиқни 2 ойгача чўзишга, иккинчи ва учинчи дозалар оралиғини эса 3 ойгача чўзишга рухсат берилган ва Хитойда бу амалиёт жорий қилинган. Ҳозирда Хитойда мазкур ZF-UZ-VAC2001 вакцина билан 0, 2, 6 ой схемасида 140 миллион киши эмланган ва жараён давом этмоқда», – дейилади хабарда.

Вазирлик ZF-UZ-VAC2001 вакцинаси устида борилган тадқиқотлар иккинчи ва учинчи дозалар оралиғидаги вақтнинг узайиши кўпроқ антитаналарнинг ҳосил бўлиши ва у кўпроқ муддат давомида сақланиб қолишига замин яратишини тасдиқлашини қайд этади.

«ZF-UZ-VAC-2001 вакцинасини ишлаб чиқарувчилар томонидан берилган маълумотларга кўра, иккинчи ва учинчи доза ўртасидаги вақт интервалини ошириш коронавируснинг турли штаммларига нисбатан нейтраллашувчи титрларининг ошишига олиб келади».

Вазирлик «вакцинанинг аҳоли билмайдиган қандайдир ножоиз таъсири чиққани» тўғрисидаги тахминлар ёки «вакцина етишмас экан» деган миш-мишлар асоссиз эканини таъкидлайди.

«Агар вакцинанинг ножўя таъсири аниқланганида, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан аҳоли ZF-UZ-VAC2001 вакцинасининг 1-дозаси билан эмланишига рухсат берилмаган бўлар эди».

Қайд эиб ўтамиз, вазирлик асосланаётган bioRxiv – бу бепул онлайн-архив ва ҳаёт ҳақидаги фан соҳасида чоп этилмаган репринтларни оммалаштириш хизмати.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.