Жанубий кореялик шифокорлар норозилик белгиси сифатида ёппасига ишга чиқмади

Фото: noi.md

Жанубий Кореяда қарийб 8 минг нафар стажёр шифокорлар ҳукуматнинг тиббиёт университетларида ўринлар сонини ошириш ҳақидаги қарорига норозилик белгиси сифатида ишга чиқмади. Ҳукумат шу тариқа шифокорлар етишмовчилигини компенсация қила олишига ишонмоқда, аммо тиббиёт ходимлари, ўз навбатида, “ўз қадр-қимматини йўқотишдан қўрқмоқда”, деб ёзади Bloomberg.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги 21 февраль куни хабар қилишича, 7813 нафар стажёр шифокорлар ўз иш жойларини тарк этган. Шунингдек, тиббиёт ходимлари ишдан бўшаш ҳақида 8816 та ариза ёзган, аммо улар қабул қилинмаган. Ҳисоб-китобларга кўра, бутун мамлакат бўйлаб шошилинч ёрдам беришда асосий ролни ўйнайдиган 13 мингга яқин шифокор бор.

Президент Юн Сок Ёль шифокорлар танқислигини камайтириш мақсадида 2025 йилдан тиббиёт мактабларидаги ўринларни ҳозирги 3085 тадан яна икки мингтага оширмоқчи. Натижада тиббиёт мутахассислари сони ошади. Бу Жанубий Корея учун долзарб мавзудир, чунки мамлакат демографик инқирозга юзлашмоқда.

Шу билан бирга, Жанубий Корея шифокорлари дунё бўйича энг кўп маош олади ва юқори қадр-қимматга эга. Агар шифокорлар кўпайса, уларнинг маоши тушиб кетиши мумкин, деб ҳисоблайди норозилик билдираётган тиббиёт ходимлари.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.