Валюта бозори ва олтин-валюта захиралари барқарорлиги сақлаб қолинмоқда – Президент

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент бугунги анжуман глобал геосиёсий ва иқтисодий муаммолар авж олаётган, барқарор ривожланиш йўлида хавф ва таҳдидлар кучайиб бораётган даврга тўғри келаётганини қайд этган. Бу ҳақда унинг матбуот хизмати хабар берди.

Дунё тартиботида чуқур трансформация жараёнлари кечмоқда. Товар ва хизматларни етказиб бериш занжирларидаги узилишлар, халқаро савдонинг пасайиши, инвестиция оқимларининг камайиши, иқлим офатларининг кучайиши – вазият нақадар беқарор ва заиф эканини яққол кўрсатмоқда.

Жаҳон иқтисодиётининг ўсиш суръатлари сўнгги уч йил давомида пасаймоқда. Тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар билан боғлиқ тенденциялар ҳам кутилган умидларни оқламаяпти.

“Албатта, биз бугун жаҳонда инвесторлар учун мислсиз кураш кетаётганини яхши тушунамиз. Бироқ бир ўзгармас ҳақиқат тобора ойдинлашмоқда. Ҳеч бир мамлакат бу каби ўткир муаммоларни якка ҳолда ҳал эта олмайди. Ўзаро ишонч ва ҳурмат руҳи, бир-бирини қўллаб-қувватлаш тамойили узоқ муддатли ҳамкорликнинг мустаҳкам устуни бўлиб қолаверади”, – деган Мирзиёев.

Мамлакатимизда инвестиция ва бизнес муҳитини тубдан яхшилаш, бу йўлдаги тўсиқларни босқичма-босқич бартараф этиш учун қатъий қадамлар ташлангани қайд этилди. Ҳар бир сармоядор ўзини эркин ва ишончли ҳис қилиши учун кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Сўнгги йилларда иқтисодиётимиз қарийб икки баробар ўсди. Ўтган йил якуни бўйича бу ўсиш 6 фоизни ташкил қилди. Инфляция 9 фоизгача пасайди. Савдо айланмаси кўрсаткичлари муттасил ошмоқда. Валюта бозори ва олтин-валюта захиралари барқарорлиги сақлаб қолинмоқда.

Охирги йилларда мамлакатимизда 60 миллиард доллардан зиёд хорижий инвестициялар ўзлаштирилди. Халқаро молия институтларининг 14 миллиард доллардан ортиқ маблағлари ижтимоий ва инфратузилма соҳаларига жалб қилинди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.