Ўзбекистонни хорижий инвесторлар учун ишончли ва узоқ муддатли ҳамкорга айлантириш – Президент

Фото: Президент матбуот хизмати

Низоларни адолатли ҳал этиш мақсадида Тошкент халқаро арбитраж маркази муваффақиятли фаолият олиб бормоқда. Унинг таркибида Америка Қўшма Штатлари, Буюк Британия, Италия, Швеция, Хитой, Бирлашган Араб Амирликлари каби мамлакатлардан 90 дан ортиқ нуфузли ҳакамлар ўрин олган. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот хизмати ёзмоқда.

Инвесторлар учун яна бир муҳим кўрсаткич. Охирги етти йилда олий таълим қамрови 9 фоиздан 42 фоизга ошди, олий ўқув юртлари сони 200 тадан ортди.

Ўзбекистонда 90 дан ортиқ давлатларга визасиз режим жорий этилди.

“Бизнинг асосий мақсадимиз – Ўзбекистонни хорижий инвесторлар учун ишончли ва узоқ муддатли ҳамкорга айлантиришдир”, – деган Шавкат Мирзиёев.

Давлатимиз бозор муносабатларини ривожлантиришни, инвесторлар ҳуқуқлари ишончли ҳимоя қилинишини, қулай инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини янада такомиллаштиришни, ҳалол рақобат учун янада кенг шарт-шароитлар яратишни, хусусий мулк дахлсизлиги ва суд тизимининг мустақиллиги таъминланишини ўз зиммасига олмоқда.

Бу тамойиллар ўтган йили умумхалқ референдумида қабул қилинган янги Конституциямизда қатъий муҳрлаб қўйилди.

Давлатимиз раҳбари сармоядорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишни кучайтириш мақсадида қатор аниқ таклифларни билдирди.

Биринчидан, янги таҳрирдаги “Инвестициялар тўғрисида”ги қонун қабул қилиниши таъкидланди. Ушбу ҳужжат Жаҳон савдо ташкилоти тартиб-қоидалари ва стандартларига мувофиқ ишлаб чиқилди.

Иккинчидан, тез орада мамлакатимизда Рақамли технологиялар халқаро маркази ҳузурида Халқаро тижорат суди иш бошлайди. Ушбу суд Ўзбекистон суд-ҳуқуқ тизимида алоҳида ўринга эга бўлади.

Учинчидан, яқин вақтда саноат зоналари тизимида мутлақо янгича ёндашувлар жорий этилади. Саноат зоналарини бошқаришда хусусий операторлар, жумладан, юқори малакали хорижий компанияларни фаол жалб қилиш амалиёти кенгайтирилади. Махсус иқтисодий зоналар фаолият муддатлари бўйича чекловлар ҳам бекор қилинади.

Хорижий сармоядорлар учун ерларни ижарага бериш муддати 25 йилдан 49 йилгача, яъни, икки баробар узайтирилади. Бунда, қонунлар билан кафолатланган амалдаги имтиёз ва преференциялар тўлиқ сақлаб қолинади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.