Европарламент “хорижий агентлар” тўғрисидаги қонун сабабли Грузияни ЕИга аъзоликка номзод мақомидан маҳрум қилишни таклиф этди

Фото: Paper Kartuli

Европарламент аъзоси Виола фон Крамон хавфсизлик кучларининг зўравонлиги Грузия ҳукумати учун аниқ оқибатларга олиб келиши кераклиги ҳақида баёнот берди.

Фон Крамон, шунингдек, ЕИнинг Грузия лойиҳаларини молиялаштиришни тўхтатиш, путинпараст олигарх ва ҳукмрон партия раҳбари Бидзина Иванишвилини санкцияларга тортиш ва “чет эл таъсири тўғрисида”ги қонун лойиҳасига овоз берган депутатларнинг Европа Иттифоқига киришини тақиқлашни таклиф қилди.

Грузияда “хорижий агентлар тўғрисида”ги қонунга қарши намойишлар учинчи ҳафта давом этмоқда. Грузия Бош вазири Ираклий Кобахидзе намойишларни “бир неча кунлик ноқулайлик” деб атади. Шунингдек, у ҳукмрон партия ҳеч қандай шароитда қонун лойиҳасидан воз кечмаслигини айтди.

“Албатта, бугун учинчи ўқиш пайтида ҳам, (президент) ветони енгиш пайтида ҳам намойишлар бўлади. Лекин биз, албатта, бу қонунни қабул қиламиз, бу ҳолда бир неча кун ноқулайлик бўлади. Аммо узоқ муддатда биз бу мамлакатни узоқ йиллар давомида қутбланиш ва радикализмдан суғурта қиламиз”.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.