Қирғизистоннинг жануби-ғарбида Ўзбекистон маблағларига қурилган мактаб очилди

Источник: Кабмин Кыргызстана

1 апрель куни Қирғизистонда Ўзбекистон ажратган маблағ эвазига қурилган умумтаълим мактаби фойдаланишга топширилди. Бу ҳақда “Фергана” нашри Қирғизистон ҳукуматининг матбуот хизматига таянган ҳолда ёзади.

330 ўринли янги мактаб биноси Боткен вилоятининг Лейлек тумани Марғун қишлоғида қад ростлади. Лойиҳанинг тахминий қиймати 3,5 миллион долларни ташкил этди ва уни Ўзбекистон ўз ҳисобидан ажратди.

Мактабнинг очилиш маросимида видеоконференция орқали Ўш шаҳрига амалий ташриф билан келган икки давлат бош вазирлари – Оқилбек Жапаров (Қирғизистон) ва Абдулла Арипов (Ўзбекистон) иштирок этди.

Мактабни қуриш бўйича келишув Қирғизистон президенти Садир Жапаровнинг 2021 йил 11-12 март кунлари Ўзбекистонга ташрифи чоғида эришилган эди.

Айни пайтда Ўзбекистон маблағлари ҳисобидан Боткен вилояти Боткен туманидаги Самарқандек қишлоғида 330 ўринли яна бир умумтаълим мактаби қурилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон 2018 йили Ўш шаҳрида мактаб қурган эди. Уч қаватли таълим муассасаси 630 ўқувчига мўлжалланган.

.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.