«Яхши етволинг деб қўйиб юбор»: охир-оқибатда Malibu ҳайдовчиси жаримага тортилди

8 июль куни Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳрида ўтказилган назорат-рейд тадбирида М. Улуғбек кўчасида хизмат олиб бораётган ЙПХ ходими Аброр Исмоилов томонидан “OʼZTEMIRYOʼLMASHTAʼMIR” УКга тегишли Malibu (давлат рақами 01 584 AAA) ҳайдовчиси ҳаракат вақтида хавфсизлик камаридан фойдаланмаганлиги сабабли тўхтатилган. Бу ҳақда UzNews нашри ЙҲХББ матбуот хизматига таянган ҳолда хабар беради.

Toshkent телеканали томонидан тасвирга олинган видеода ЙПХ ходими рация орқали автомобиль ҳайдовчисига йўлни давом эттиришга рухсат бериш сигналини олганини кўриш мумкин.

Телефон қилишди? Қанақа машина ушлаб турибсан?

Malibu.

Қўйвор бўлди, кўп гапирмасдан. Яхши етволинг, деб тушунтирвор.

Тушундим сизни.

Текширув давомида транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини берувчи барча ҳужжатлар ҳайдовчининг ёнида бўлган.

Ҳайдовчига нисбатан МЖтКнинг 125-моддаси 1-қисмга (хавфсизлик камаридан фойдаланиш қоидаларини бузиш) асосан EV-21 серияли 10-972827 рақамли электрон шаклдаги баённома (122 минг 500 сўм жарима) расмийлаштирилган.

Маъмурий баённомани расмийлаштириш жараёнида ЙПХ ходимининг командири алоқага чиқиб, кўп ушлаб турмаслигини, ҳайдовчига нисбатан “хушмуомала”да бўлишини айтиб, транспорт воситасини қўйиб юборишини айтган. Шундан сўнг ҳайдовчи ҳаракатни давом эттирган.

Ушбу ҳолатда (рация орқали боғланган) 2-минтақавий ҳудуд ЙПХ отряди командири амалдаги меъёрий ҳужжатлар талабларини бузганлиги учун интизомий жазоланди.

Рулда ким бўлганлиги маълум қилинмаган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.