Янгийўл туманидаги АГТКШ қарийб 11 млрд сўмлик табиий газдан ноқонуний фойдаланиб келгани тасдиқланди
Энергетика вазирлиги Янгийўл туманидаги Автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчаси қарийб 11 млрд сўмлик табиий газдан ноқонуний фойдаланиб келгани ҳақида маълум қилади.
3 январь куни ўтказилган назорат тадбирида Янгийўл туманида жойлашган “Ҳамкор газ сервис” МЧЖга қарашли автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчаси табиий газ ва электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиб келгани аниқланган.
Хусусан, мазкур АГТКШ белгиланган ўчириш графигига риоя этмаган ҳолда фаолият кўрсатаётганлиги ҳамда шохобчанинг газ ҳисоблаш ускунасига ташқи таъсир кўрсатилганлиги, яъни шохобча фаолият кўрсатаётган бўлса-да ускуна ишламаётганлиги (кўрсаткичлари “0” ҳолатда эканлиги) аниқланган.
Ўтказилган экспертиза натижасига кўра, шохобчанинг газ ҳисоблаш ускунасига кўрсаткичларни ўзгартириш мақсадида ташқи таъсир кўрсатилганлиги ўз тасдиғини топган.
Унга кўра, шохобча 2022 йилнинг август ойидан 2023 йилнинг 3 январига қадар 10 млрд 791 млн сўмлик жами 11 млн метр куб табиий газдан ноқонуний фойдаланб келгани маълум бўлди.
Эслатиб ўтамиз, вилоят прокуратураси томонидан мазкур шохобча ва “Ўзтрансгаз” АЖ ҳудудий бошқармаси масъулларига нисбатан жиноят иши қўзғатилган.
Шарҳлар