“Япония гўзали” танловида ғолиб бўлган украиналик қиз оилали эркак билан муносабатлари ошкор бўлгач, мақомдан воз кечди
“Япония гўзали” танловида ғолиб бўлган асли украиналик Каролина Шиино ОАВларда унинг оилали эркак билан муносабатлари ҳақида тафсилотлар эълон қилингач, ушбу мақомдан воз кечди.
Япония ахборот агентликлари маълумотларига кўра, украиналик модель “Япония гўзали” танловида бош совринни қўлга киритган келиб чиқиши европалик бўлган илк аёлга айланган. Ушбу ғалаба Каролинанинг этник келиб чиқиши туфайли, япон жамоатчилиги орасида зиддиятга учраганди.
Аммо қизнинг нуфузли ва оилали бир эркак билан ишқий алоқаларидан журналистлар хабар топгач, шов-шув юзага келди. Шундан кейин танлов раҳбарияти қиз уларга мурожаат қилиб, мақомдан воз кечишини маълум қилгани ва унинг илтимоси қондирилганини маълум қилди.
Энди мукофот 2024 йил охиригача — янги танлов ўтказилгунига қадар эгасиз қолади. Ташкилотчилар Каролина ўзининг Free Wave модель агентлигига эркакнинг оилали эканидан хабар топгач, дарҳол у билан муносабатларига нуқта қўйганини маълум қилганида уни қўллаб-қувватлаганди.
Бироқ агентликнинг янги баёнотида қиз эркакнинг оилавий аҳволидан хабар топганидан кейин ҳам у билан учрашишда давом этгани айтилади. Украиналик қиз ўз Instagram’ида узр сўраб пост эълон қилди ва нима учун ҳақиқатни айта олмаганига аниқлик киритди. Унинг сўзларига кўра, журналда у ҳақда мақола чиққанидан кейин у ўзини йўқотиб қўйган ва ваҳимага тушган.
Шарҳлар