Bo'limsiz

“Яшил макон” лойиҳаси учун масъул бўлган 29 нафар раҳбар жавобгарликка тортилади

Фото: Минэкологии

“Яшил Макон” умуммиллий лойиҳасига масъулиятсизлик билан ёндашган 29 нафар раҳбар жавобгарликка тортилади, дея хабар беради Бош прокуратура.

Қорақалпоғистон Республикасида кўчатлар суғориш тизимлари мавжуд бўлмаган ҳудудларга экилиши ҳамда масъулларнинг эътиборсизлиги натижасида жами 333,1 минг туп кўчатлар нобуд бўлишига йўл қўйилгани, бажарилган ишлар ҳажмига электрон платформа орқали амалда экилмаган жами 136,1 минг туп кўчатлар ҳисоботларга қўшиб ёзилгани аниқланди.

Тошкент вилояти Оҳангарон туманида ободонлаштириш хизмати томонидан жамоат жойларида 127,5 минг туп кўчат экилгани қайд этилсада, амалда кўчатларнинг аксарияти (90 фоизи) қайта экиш учун мўлжалланган питомниклардаги қаламчалар бўлиб, марказий кўчаларга экилган кўчатларнинг 30 фоизи суғорилмаганлиги ва агротехник тадбирлар амалга оширилмаганлиги натижаси қуриб, ўсувчанлик қобилиятини йўқотган.

Сирдарё вилоятида жами 1355 туп дарахт кўчатлари, Хоразм вилояти Тупроққалъа туманида экилган 3,5 минг туп кўчатларнинг ярмидан кўпи қаровсизлик оқибатида нобуд бўлган.

Навоий вилояти Учқудуқ туманида 2435 туп амалда экилмаган кўчатлар ҳисоботларга қўшиб ёзилиб, бюджетдан ажратилган маблағлар ободонлаштириш тизими ходимлари томонидан ўзлаштирилган.

Ҳозирга келиб, ўз вазифаларини бажаришга масъулиятсизлик билан қараб, хизмат вазифаларини лозим даражада бажармаган 29 нафар маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва идоралар раҳбарларининг қонунчиликда белгиланган жавобгарлик масаласи ҳал этилмоқда.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.