Яширин иқтисодиётни қисқартириш, расмий фаолият кўрсатаётган тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш

Фото: Мадина Нурман

“ЎзЛиДеп пресс-клуби”нинг навбатдаги сессиясида яширин иқтисодиётни қисқартириш, расмий фаолият кўрсатаётган тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш масалалари муҳокама қилинди. Унда, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашлар депутатлари, вазирлик ва идоралар, олимлар, тадбиркорлар ва ОАВ вакиллари иштирок этди.

Асосий масала ҳозирда Ўзбекистонда расмий фаолият юритаётган тадбиркорлар фаолиятига кўпроқ эътибор қаратиш, яширин ва ҳуфёна фаолият юритаётган шахслар фаолият доирасини қонунийлаштириш муҳокама марказида бўлди. Таъкидланганидек, “Ўзбекистон 2030” стратегиясининг 46-бандида ҳам “Яширин иқтисодиёт” масаласига алоҳида аҳамият қаратилган. Шундан келиб чиқиб, келгусидаги ишларни жадаллаштириш лозимлиги мутасадди ташкилотлар олдидаги катта бир вазифа эканлиги айтилди.

Пресс клубда таъкидланишича, ҳозирда Ўзбекистонда хуфиёна иқтисодиётнинг улуши ялпи ички маҳсулотга нисбатан 40 фоиз атрофида бўлиб, бу тахминан 32 миллиард долларга баҳоланмоқда.

Мазкур қиймат асосан, кўчмас мулк ва транспорт воситаларининг иккиламчи бозорида, улгуржи ва чакана савдо, хизмат кўрсатиш, тамаки маҳсулотлари контрабандаси, ноқонуний товарлар айланмаси, қишлоқ хўжалиги ва бошқалар ҳисобига тўғри келаётганлиги ҳам қайд этиб ўтилди.

Шунингдек, юқоридаги масалаларда жамоатчилик назоратини кучайтиришга ҳам алоҳида аҳамият қаратилди. Шунингдек, чегара божхона назорати орқали мамлакат ҳудудига кириб келаётган маҳсулотларни назоратда ўзтказишда кўп миқдордаги қатор маҳсулот ва товарларни камайтириб кўрсатиш ҳолатлари ҳам учраётганлиги, бу асосан, алкогол ва тамаки, уяли алоқа воситалари, инсон эҳтиёжи учун керак бўладиган кичик турдаги маҳсулотларда учраётганлигига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди.

Қолаверса, Солиқ қўмитаси вакили Элдор Ниёзов томонидан айрим турдаги маҳсулотларни рақамли маркировкалаш масалаларига тўхталинди.

“Рақамли маркировкалашни жорий қилиниши, қатор товар ва маҳсулотларнинг қамраб олиниши натижасида, жумладан алкогол ва тамаки маҳсулотларининг маркировкалаш тизимида 6-7 фоиз тушумларнинг борлиги масаласи алоҳида эътиборга молик”, – дейди мутахассис.

Божхона қўмитаси бошқарма бошлиғи Улуғбек Қосимовнинг таъкидлашича, чегаралардан ноқонуний равишда олиб ўтилаётганда ушланган товарларнинг катта қисми тамаки маҳмулотлари ҳиссасига тўғри келмоқда.

“Тамаки маҳсулотлари ноқонуний айланишига сабаб импорт божлари ва ауциз солиқларининг юқорилиги билан боғлиқ. Жорий йилнинг ўтган даврида жами 75,2 миллиард сўмлик, жами 4,7 миллион қути ноқонуний тамаки маҳсулотлари аниқланган. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 5 баробар юқори кўрсаткич”, — дейди Улуғбек Қосимов.

Тошкент давлат иқтисодиёт университети томонидан ўтказилган тадқиқотга кўра, 2023-йилнинг дастлабки етти ойида ҳудудларда ноқонуний тамаки савдоси даражаси 20 фоиздан ошган. Бу контрабанда йўли билан олиб кирилиб, бир йилда давлат бюджетига ўртача 2 триллион сўм тушмаслиги хавфини юзага келтирмоқда.

“Юртимизда тўғри ишлаётган, иш ўрни яратаётган, илғор технологиялар жорий қилиб, янги маҳсулотларни ўзлаштираётган, экспортини ошираётган бизнес вакиллари учун барча шароитлар яратиб берилмоқда. Бироқ шунга қарамасдан, солиқлардан қочиб, ўзининг мажбуриятларини бажармасдан келаётган қўштирноқ ичидаги тадбиркорларнинг хали ҳам мавжудлиги бутун жамоатчиликни ташвишга солиши лозим”, — дейди ЎзЛиДеп бўлим мудири Бахтиёр Руҳиддинов.

Пресс клуб давомида хуфиёна иқтисодиёт мавжуд бўлган соҳалар таҳлил қилиниб, улар билан аниқ манзилли курашилиши лозимлиги таъкидланди.

Эслатиб ўтамиз! Ўзбекистонда 2023-йил 26-августдан “Алкогол ва тамаки маҳсулотларининг тарқалиши ва истеъмолини чеклаш тўғрисида”ги қонун кучга кирди. Унга кўра Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Солиқ ва Божхона қўмиталари Ўзбекистон Республикаси ҳудудида контрабанда сигареталар тарқатилиши ва айланишига қарши курашиши шарт.
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти, Ички ишлар вазирлигига асосий муаммо – ноқонуний тамаки маҳсулотларини сотишга эътибор қаратиш ва қонун ҳужжатларида белгиланган талабларни амалга ошириш вазифаси юклатилди.
Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси(181-модда, 6-б)га кўра, ноқонуний фаолият 15 миллион сўмгача миқдорда жарима солинишига сабаб бўлиши мумкин.
Барча ваколатли органлар томонидан юқоридаги қонун ва Ўзбекистоннинг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси талабларига риоя этилиши доим Anhor.uz таҳририяти эътиборининг остида бўлади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.