Энди ҳокимлар маҳаллий Кенгаш раиси бўла олмайди
Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлисида “Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун муҳокама қилинди.
Унга кўра ҳоким ва маҳаллий Кенгаш раиси лавозимлари бир-биридан ажратилиб, эндиликда ҳоким маҳаллий Кенгаш раиси бўла олмаслиги белгиланмоқда.
Шунингдек, халқ депутатлари Кенгашларига депутатлар орасидан сайланадиган раис бошчилик қилиши, у ўз фаолиятини жамоатчилик асосида амалга ошириши белгиланмоқда, уни ваколатлари муддати тугагунига қадар лавозимидан озод қилиш тартиби назарда тутилмоқда.
Бундан ташқари, халқ депутатлари Кенгашлари ва ҳокимлар томонидан қабул қилинадиган ҳужжатларни Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорларини ишлаб чиқиш, келишиш ва рўйхатдан ўтказишнинг ягона электрон тизимида рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги талаб мустаҳкамланмоқда. Бунда ушбу тизимда рўйхатдан ўтказилмаган ҳужжатлар ҳақиқий эмас деб ҳисобланади ҳамда ҳуқуқий оқибатларга олиб келмайди.
Қонун билан вилоят, туман, шаҳар ҳокими ваколатлари ва вазифаларига айрим ўзгартиришлар киритилиб, уларга кўра ҳоким ўз номзодини кўриб чиқишда маҳаллий Кенгашга ҳудудни ривожлантириш дастурини тақдим этиши белгиланмоқда.
Қизғин муҳокамадан сўнг Қонун бир овоздан маъқулланди.
Шарҳлар