ЮНИСЕФ Ўзбекистонда болалар ва аёлларга нисбатан зўравонликка чек қўйишга чақирмоқда
ЮНИСЕФ бугун болалар ва аёлларга нисбатан зўравонликка бефарқликдан огоҳлантирди ва жамиятнинг бундай ҳолатларга муносабатини ўзгартиришга чақирди. Ташкилот зўравонликка учраганларни ҳимоя қилиш учун оилани қўллаб-қувватлаш хизматлари ва самарали тизимларни такомиллаштириш муҳимлигини таъкидлайди.
Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистонда аёллар ва болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари акс эттирилган бир қанча видеолавҳалар тарқалганидан сўнг, ЮНИCЕФ одатий ҳол бўлиб кўринган бундай ҳолатлардан хавотирда эканини билдирди: айрим ҳодисалар, жумладан, гўдаклар билан боғлиқ бўлганлари, жамоатчилик кўз олдида ва кузатувчилар иштирокида содир бўлмоқда.
«Аёллар ва болалар, айниқса қизлар, ҳар куни зўравонликдан азият чекмоқда ва бу, афсуски, мақбул, нормал, йўл қўйиш мумкин бўлган ва “оиланинг иши” деб қаралади. Зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш мумкин,” – деди ЮНИCЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Мунир Мамедзаде. – “Зўравонликка барҳам беришда ҳар кимнинг ўрни бор. Одамларнинг зўравонликка муносабатини ўзгартириш, жазосиз қолишга чек қўйиш, ижобий тарбия меъёрлари ва амалиётини тарғиб қилиш, жабрланганларга малакали ёрдам кўрсатиш зарур».
Дунё бўйлаб ҳар тўрт боладан бири зўравонликка дучор бўлади ва ҳар беш дақиқада бир бола зўравонликнинг турли шакллари туфайли вафот этади. Бундай ҳолатларни эрта аниқлаш, ишонч телефонлари ва мактабларда иш олиб бориш – ана шу исботланган самарали чоралар зўравонликка қарши курашда ёрдам беради. Йўналтириш механизми болаларни ҳимоя қилиш тизимини мустаҳкамлашнинг муҳим бошланғич нуқтаси бўлиб, болаларга нисбатан зўравонликнинг олдини олиш, аниқлаш ва уларга қарши курашишда таълим, соғлиқни сақлаш, ижтимоий ҳимоя ва адлия соҳалари мутахассисларининг роли ва мажбуриятларини аниқ белгилаши керак.
Ҳозирда ЮНИСЕФ Ўзбекистонда зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш ва уларга қарши курашиш соҳасидаги давлат тузилмаларининг саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватламоқда. Масалан, Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ҳамкорликда олиб борилган ишлар натижасида бутун мамлакат бўйлаб 50 000 нафар патронаж ҳамширалар оилаларга ташриф буюриш учун зарур кўникма ва материалларга эга бўлиб, улар бошқа масалалар қаторида бола тарбиясини қўллаб-қувватлаш, болалар эҳтиёжларига бефарқлик ва жисмоний зўравонлик ҳолатларини аниқлашлари мумкин.
ЮНИCЕФ, шунингдек, болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатларини аниқлаш ва уларга жавоб бериш бўйича стандарт процедураларни ишлаб чиқиш ва тадбиқ этиш борасида Вазирлар Маҳкамасининг Таълим ва соғлиқни сақлаш котибиятининг Болаларни ҳимоя қилиш бўйича янги сектори, Болалар масалалари бўйича миллий комиссия ва Болалар омбудсмани билан ҳамкорлик қилмоқда. Бундан ташқари, ЮНИCЕФ ҳар бир ҳолатни алоҳида кўриб чиқиш (кейс менежмент) тизимини кенгайтиришда мамлакаттга кўмак бермоқда. Мазкур тизим оилалар эҳтиёжларини кенг миқёсда кўриш, хавфларни аниқлаш ва оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш учун уларни тегишли хизматлар билан боғлаш имконини беради
Амалга оширилаётган барча чора-тадбирлар билан бир қаторда ижтимоий ишчилар институтини яратиш ва бу муаммони тизимли ҳал қилиш учун бутун жамиятни сафарбар этиш зарур.
Шарҳлар