Келаси йилдан бошлаб 40 ёшдан катта аҳоли мақсадли скринингдан ўтказилади
Келаси йилдан 40 ёшдан ошган барча аҳоли оилавий поликлиника ва тиббий бригадалар орқали йилига камида бир марта манзилли скринингдан ўтказилади, туман лабораториялари коагулометр ва зарур реактивлар билан таъминланади. 9 ноябрь куни мамлакат президенти раислигида юрак-қон томир касалликларининг олдини олиш ва уларни даволаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди, дея хабар беради давлат раҳбарининг матбуот хизмати.
Таҳлилларга кўра, 30-70 ёшдаги аҳоли ўртасида ўлим ҳолатларининг 53 фоизи юрак-қон томир касалликларига тўғри келмоқда. Сўнгги беш йилда бундай касалликлар 20 фоизга, жумладан, ёшлар орасида ҳам кўпайган. Умуман, 4 миллионга яқин аҳоли орасида юрак-қон томир касалликлари аниқланган бўлиб, умумий аҳолининг 12 фоизини ташкил этади.
Юрак-қон томир касаллиги аниқланган аҳолининг ягона электрон реестри юритилиши, эҳтиёжманд аҳолига дорилар бепул тарқатилиши режалаштирилган.
Бу мақсадлар учун келгуси йилда ҳар бир туманга 350 миллион сўмдан, жами 70 миллиард сўм ажратилиши мўлжалланган. Умуман, бирламчи бўғинга дори ва тиббий буюмлар учун 580 миллиард сўм йўналтирилиши кўзда тутилмоқда. Бу жорий йилги харажатлардан 3 баробар кўпдир.
«Халқимизнинг соғлиғи ҳеч нарса билан ўлчанмайдиган энг бебаҳо бойлигимиздир, – деди Президент. – Шу боис тиббиётни халқимизни рози қиладиган тизимга айлантириш бўйича катта марраларни белгилаб олдик. Бунинг учун бирламчи бўғинга ажратиладиган маблағларни 2 баробарга ошириб, аҳоли ўртасида кенг тарқалган касалликларни камайтириш бўйича алоҳида дастур қабул қиламиз».
Президент оилавий шифокорлар ва ҳамшираларни юрак касалликларини эрта аниқлаш ҳамда даволаш бўйича қўшимча ўқитиш муҳимлигини таъкидлади.
Келаси йил 1 июлга қадар туман, вилоят ва республика даражасида даволанадиган касалликлар рўйхати тузилиб, шу асосда режали даволаш йўлга қўйилиши белгиланди. Бунинг учун туман шифохоналари 4 турдаги кардиология ускуналари билан таъминланади. Натижада кўрсатиладиган хизматлар тури 5 тадан 15 тага ошади.
Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт марказининг вилоят филиалларида эса хизматлар 15 тадан 35 тагача етказилади. Хусусан, Хоразм вилояти филиали қўшимча жиҳозланиб, барча жарроҳлик амалиётларини ўтказиш имконияти яратилмоқда.
Давлат раҳбари бу тажрибани босқичма-босқич бошқа вилоятлар ва Қорақалпоғистон Республикасидаги шифохоналарда ҳам йўлга қўйиш, ихтисослаштирилган кардиология хизматларини ҳудудларгача тушириш зарурлигини таъкидлади.
Маълумки, юрак-қон томир касалликларнинг асосий сабабларидан бири – нотўғри турмуш тарзи. Тўғри овқатланиб, кўпроқ пиёда юрадиган одамларда бундай хасталик кам учраши халқаро илмий ташкилотлар томонидан исботланган.
Шу мақсадда “Соғлом турмуш тарзи” платформаси ташкил этилган эди. Бугунги кунда ундан фойдаланувчилар 600 минг нафарга етди, уларга 18 миллиард сўм тўлаб берилди. Молия вазирлигига келаси йилда бу тизимдан фойдаланувчилар кўламини кенгайтириш учун 60 миллиард сўм ажратиш бўйича кўрсатма берилди.
Ёш авлод билан манзилли ишлаш учун ҳар бир маҳаллада вилоят ҳокимининг ёрдамчиси – ёшлар етакчиси лавозими жорий этилиши белгиланди. Улар йигит-қизлар муаммоларини ҳал этиш, касб ўрганиши ва бандлигига кўмаклашиш, бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш билан шуғулланади.
Шарҳлар