Келаси йилдан тадбиркорлик фаолияти эркинлиги индекси ишга тушади
Ўзбекистон президенти имзолаган фармонга кўра 2022 йилдан Тадбиркорлик фаолияти эркинлиги индекси жорий этилади. У тадбиркорлик субъектларига маъмурий босим даражасини аниқлаш ва енгиллаштириш, шунингдек, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга йўналтирилган.
Индекс Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил томонидан “Ягона давлат назорати” ахборот тизими орқали текширув натижалари асослилиги ҳамда қонунийлиги, профилактик тадбирлар ва текширувлар мутаносиблиги, тадбиркорларнинг текширув натижаларидан қониқиш даражаси каби кўрсаткичлар асосида тузилади.
Назорат қилувчи органлар ҳар ярим йил якунлари бўйича 1 августга қадар, йил якунлари бўйича 1 февралга қадар амалга оширилган назорат тадбирлари таҳлилини Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилга киритади.
Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ҳар ярим йил якунлари бўйича 1 сентябрга қадар, йил якунлари бўйича 1 мартга қадар Индекс натижалари тўғрисидаги ахборотни ва тадбиркорлик субъектлари фаолиятида кўп такрорланувчи ҳуқуқбузарликлар ҳамда улар содир этилишининг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида маълумотни “Ягона давлат назорати” ахборот тизимига жойлаштиради ва жамоатчиликка эълон қилади.
Молия вазирлигига Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилнинг асослантирилган ҳисоб-китоблари бўйича 2021 йил 1 ноябрга қадар Вазирлар Маҳкамасининг захира жамғармаси маблағлари ҳисобидан “Ягона давлат назорати” ахборот тизимини ишлаб чиқиш учун 1 миллиард сўмгача бўлган миқдорда маблағлар ажратилишини таъминлаш топширилди.
Шарҳлар