Келаси йили 32 та йирик давлат активини хусусийлаштириш режалаштирилмоқда
Президент Шавкат Мирзиёев 8 ноябрь куни давлат объектларини хусусийлаштириш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди. Иқтисодиётда давлат иштироки камайтирилиб, хусусий тадбиркорлик ривожига кенг ўрин берилмоқда. 2021-2022 йилларда давлат улуши бўлган корхоналар сонини камида 3 баробар қисқартириш режалаштирилган.
Келаси йили 32 та йирик давлат активини сотиш, “Ўзсаноатқурилишбанк”ни хусусийлаштириш, давлат корхоналарининг 368 та носоҳавий ва самарасиз активларини савдога чиқариш режалаштирилган. Ҳудудларда 770 та актив сотишга тайёрланган. Булар орқали бюджетга қарийб 10 триллион сўм тушум таъминланиши кўзда тутилган.
Давлат раҳбари хусусийлаштирилаётган корхоналарнинг молиявий барқарорлиги ва инвестицион жозибадорлигини ошириш муҳимлиги қайд этилди. Шу мақсадда, нуфузли хорижий консультантларни жалб қилган ҳолда, йирик тармоқ корхоналарини хусусийлаштириш стратегиясини ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.
Қиймати 10 миллион доллардан юқори бўлган активларни сотиш жараёнида таклифларни қабул қилиш ва уларни баҳолаш мустақил хорижий консультант томонидан амалга оширилиши белгиланди.
Президент давлат корхоналарига стратегик инвесторларни жалб қилиш, фақат мавжуд қувватларни ишлатиш билан чекланмасдан, корхоналар фаолиятини кенгайтириш зарурлигини таъкидлади. Давлат раҳбари инвесторлар сармоя киритиш билан бирга янги лойиҳалар таклиф қилиши, замонавий билим ва технологияларни олиб келиши муҳимлигини таъкидлади.
Шарҳлар