Келгуси йили ипотека дастурларига 14,3 трлн сўм ажратилади

2 декабрь куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида аҳолини уй-жой билан таъминлаш дастури ижросини самарали ташкил этиш, ипотека кредитлашни кенгайтириш ва қурилиш материаллари саноатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Келгуси йилда ипотека дастурлари доирасида 50 мингга яқин хонадонли уй-жойлар қурилади. Бунга қарийб 13 триллион сўм мақсадли кредит ва 1,3 триллион сўм субсидия ажратилади.

«Бу дастлабки ҳисоб-китоблар. Агар талаб бўлса, яна қўшимча ресурс ажратилади», деди Президент. Бундан ташқари:

– ипотека кредитлари ва субсидия олишда, уй-жой майдони ва нархи билан боғлиқ чекловлар ипотека кредитлари шартларидан чиқариб ташланади;

– эҳтиёжманд аҳолига дастлабки бадалнинг бир қисмини қоплаш учун 32 миллион сўм субсидия тўланади;

– эҳтиёжманд аҳоли томонидан кредитни қайтаришда фоизнинг давлат томонидан қоплаб бериладиган субсидия миқдори барча ҳудудлар учун бир хил – 10 фоиз этиб белгиланади (ҳозирда вилоятларда 10 фоиз, Тошкент шаҳрида 12 фоиздан юқори қисми қоплаб берилмоқда);

– субсидиялар якка тартибдаги уй-жой қуриш ва таъмирлаш учун олинган кредитлар учун ҳам берилади;

– ипотека кредитини олишда қариндош бўлмаган фуқароларнинг кафил бўлишига рухсат берилади (бугунги кунда фақат яқин қариндошлар кафил бўла олади).

Шунингдек йиғилишда келгуси йилдан ижтимоий аҳволи оғир хотин-қизлар, чин етимлар ва ногиронлиги бўлган шахсларга иккиламчи бозордан ҳам уй-жой олишларига имконият яратилиши таъкидланди.

Аҳолига қулайликлар яратиш мақсадида янги қурилган уйлар тўғрисидаги маълумотлар, уларни расмийлаштириш, субсидия ва кредит ажратиш хизматларини битта жойда кўрсатиш марказлари ташкил этилади.

Аҳоли маблағларини қурилишга жалб қилишни рағбатлантириш бўйича янги “мақсадли ипотека омонати” механизми жорий этилади. Бунда:

– харидор – банк – қурувчи ўртасида уч томонлама шартнома тузилади;

– уй-жой харид қилмоқчи бўлган фуқаро банкда омонат очиб, уни тўлдириб боради;

– бадал суммаси шаклланганда, унга ипотека кредити расмийлаштирилади;

– тижорат банки омонат маблағларини қурувчи ташкилотга кредит сифатида ажратади.

Яъни, харидор банк орқали қурувчини молиялаштиради, банк эса уйни харидорга вақтида топширилишига кафил бўлади.

Йиғилишда келгуси йилдан қурилишларда коррупцияга қарши курашиш бўйича янги тизим яратилиши таъкидланди.

Бош прокурор ўринбосари бошчилигида республика штаби ва вилоят штаблари тузилади.

Улар қурилиш нархларини асоссиз ошириш, рақобатни бузиш, тасдиқланган лойиҳаларни ўзбошимчалик билан ўзгартириш, таниш-билишчиликка йўл қўймаслик устидан қатъий назорат ўрнатади.

Келгуси йилда қурилиш материалларига ихтисослашган 24 та туманда геология ишларини ўтказишга 100 миллиард сўм ажратилади.

Фориш, Сариосиё, Булоқбоши, Қоровулбозор, Пахтачи, Чуст, Ўзбекистон, Оҳангарон ва бошқа туманларда янги ташкил этиладиган кластерлар инфратузилмасига 200 миллиард сўм ажратилади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.