Келгуси йили Ўзбекистонда бешта қуёш электр станциясини қуриш режалаштирилмоқда

22 ноябрь куни президент Шавкат Мирзиёев қайта тикланувчи энергия манбаларини кўпайтириш ва соҳани ривожлантириш масалалари муҳокамаси юзасидан йиғилиш ўтказди. Келгуси йилда Хоразм, Бухоро, Қашқадарё, Наманган ва Фарғона вилоятларида жами 900 мегаваттли яна 5 та қуёш электр станциясини барпо этиш бўйича инвесторлар танлови якунланади. 2022-2024 йилларда 3 миллиард доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳисобига, жами қуввати қарийб 3 минг мегаваттли 10 та қуёш ва шамол электр станцияларини барпо этиш режалаштирилган.

Президент йирик саноат корхоналари ҳам ўз таъминоти учун қайта тикланувчи энергия манбалари ташкил этиши зарурлигини таъкидлади. Шунингдек, аҳоли ва тадбиркорларнинг қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишини қўллаб-қувватлаш кераклиги айтилди.

Келгусида қуриладиган қуёш ва шамол электр станцияларини қуриш учун бутловчи қисмлар ва материалларни юртимизда ишлаб чиқариш орқали ҳам лойиҳаларни арзонлаштириш, ҳам маҳаллий корхоналар учун бозор яратиш мумкин. Шу боис бундай маҳсулотларни маҳаллийлаштириш бўйича дастур ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.

Бўлажак электр станцияларини сифатли ишлатиш учун малакали муҳандис ва ходимлар ҳам зарур. Давлатимиз раҳбари бу ишларни ҳозирданоқ бошлаш муҳимлигини таъкидлаб, Навоий шаҳрида кадрлар тайёрлаш марказини ташкил этиш, олий таълим муассасаларидаги ўқув дастурларини замонавий талаблар асосида янгилаш юзасидан кўрсатмалар берди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.