KfW Сурхондарё ва Фарғона вилоятларида сув таъминоти ва канализацияни яхшилашга 200 млн евро ажратди

Фото: пресс-служба «Узсувтаъминот»

«Ўзсувтаъминот» акциядорлик жамиятининг раҳбари Соҳиб Саифназаров Ўзбекистон делегацияси таркибида Германияга ташрифи чоғида халқаро ҳамкорликни кенгайтириш бўйича бир қанча шартномаларни имзолади, дея хабар беради компания матбуот хизмати.

KfW Германия тараққиёт банки билан Сурхондарё ва Фарғона вилоятларида ичимлик суви таъминоти ва канализация хизматларини яхшилаш мақсадида 200 миллион евро маблағни жалб этиш бўйича ўзаро англашув меморандуми имзоланди.

Шунингдек, Aqua Consult Ingenieur компанияси билан Самарқанд вилоятининг олтита туман маркази ва қўрғонларида канализация тизимини қуриш лойиҳасини ҳамкорликда амалга оширишни назарда тутувчи ўзаро англашув меморандуми имзоланди.

Бундан ташқари, German Water Partnership компанияси билан янги сув ва энергия тежовчи инновацион технологиялар асосида сув ресурсларини бошқариш самарадорлигини оширишга ёрдам берадиган ўзаро англашув меморандуми ҳам имзоланди.

Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш федерал агентлиги (UBA) билан Ўзбекистондан ташриф буюрган соҳа мутахассисларининг Германияда малакасини ошириш бўйича келишувларга эришилди.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.