Киев мэри Виталий Кличко Залужнийнинг истеъфосига қарши чиқди
Украина пойтахти Киев мэри Виталий Кличко мамлакат қуролли кучлар бош қўмондони Валерий Залужнийнинг эҳтимолий истеъфоси ҳақидаги хабарлар фонида уни қўллаб-қувватлаб чиқди ва Украина ҳукуматини “сиёсий интригалар”ни тўхтатишга чақирди, деб ёзади Meduza.
Унинг таъкидлашича, кўп жиҳатдан айнан Залужний шарофати билан украиналиклар мамлакат қуролли кучларига нисбатан ишонч билдирган. Бош қўмондон уруш мобайнида кўплаб қийин лаҳзаларни бошидан кечирди, деди у.
Аввалроқ Украина президенти Владимир Зеленский мамлакат қуролли кучлари бош қўмондони Валерий Залужнийни ишдан бўшатиш нияти борлигини тасдиқлаган, бу ҳақда у Италиянинг Rai1 телеканали эфирида маълум қилган эди.
Украина ОАВлари 29 январь куни кечқурун Валерий Залужний Украина ҚК бош қўмондони лавозимидан истеъфога чиққани ҳақида ёза бошлади. Бир қатор манбалар Залужнийнинг истеъфоси ҳақида келишилгани, аммо ҳозирча буйруқ билан расмийлаштирилмаганини маълум қилган бўлса, бошқалари буйруқ имзолангани, бироқ оммага эълон қилинмаганини даъво қилди.
2023 йил кузидан буён Украина ва чет эл ОАВларида гўёки Зеленский ва Залужний ўртасида бўлган зиддиятлар муҳокама қилинмоқда. Украина президенти офиси зиддиятларни рад этди, у ҳақдаги мишмишларни эса Россия олиб бораётган ахборот урушига йўйди.
Аввалроқ Залужний Зеленскийга уруш боши берк кўчага кириб қолганини билдирганди.
Шунингдек, Киев Оқ уйни Залужнийни ишдан бўшатиши ҳақида хабардор қилгани, аммо АҚШ бу қарорни қўллаб-қувватламагани хабар берилганди.
Шарҳлар