Комил Алламжоновга суиқасд уюштирилди

Фото: fb.com/k.allamjonov

Бугун, 26-октябрь тунда Президент администрацияси Ахборот сиёсати департаменти собиқ раҳбари Комил Алламжоновга қуролли ҳужум уюштирилган.

Kun.uz манбасига кўра, суиқасд тунги соат 1:30 лар атрофида Комил Алламжоновнинг Қибрай туманидаги уйи яқинида содир бўлган. Икки номаълум шахс у ўтирган машинага бир неча бор ўқ узиб, ҳодиса жойидан яширинган. Алламжоновга зарар етмаган.

Бош прокуратура ҳолат юзасидан расмий баёнот берди. Унда С.С. бошқарувидаги «Ранге Ровер» русумли автомашина Қибрай тумани, Ифор кўчаси бўйлаб ҳаракатланган вақтида 2 нафар номаълум шахслар мазкур автомашинага ўқотар қуролидан бир неча маротаба ўқ узиб, номаълум томонга яширинишган. Ушбу ҳолатда бирор-бир шахс тан жароҳати олмаган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 25,97-моддаси (Қасддан одам ўлдиришга суиқасд қилиш) билан жиноят иши қўзғатилди.

Гумон қилинувчи шахсларни аниқлаш ва ушлаш юзасидан тезкор-қидирув тадбирлари амалга оширилмоқда.

Ҳозирда тегишли идораларнинг малакали ходимларидан иборат тезкор-тергов гуруҳи тузилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.