Коррупцияга қарши курашиш бўйича юксак халқаро мукофот ўз эгаларига топширилди
Президент Шавкат Мирзиёев Коррупцияга қарши курашиш бўйича юксак халқаро мукофот билан тақдирлаш маросимида нутқи якунлангач Қатар Амири шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний билан биргаликда мукофотларни ўз эгаларига топширди. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот хизмати хабар беряпти.
Тадбирда шунингдек, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти вакиллари, 40 дан зиёд мамлакат делегациялари, шу жумладан ушбу халқаро мукофот совриндорлари қатнашди.
Ўзбекистон Президенти таъкидлаганидек, шиддат билан ўзгараётган дунёдаги энг долзарб муаммолардан бири бўлган коррупцияга қарши курашиш соҳасида глобал мукофотнинг таъсис этилгани ва уни топширишга бағишланган маросимлар барча қитъаларда ўтказиб келинаётгани юксак эътирофга сазовордир.
«Зеро, коррупцияга қарши курашиш ҳар бир соф виждонли инсоннинг, демократик жамият ва давлатнинг муқаддас бурчидир», – деди Шавкат Мирзиёев.
Ушбу нуфузли мукофот орқали коррупцияга қарши курашишга ўзининг муносиб ҳиссасини қўшаётган жаҳондаги энг фаол шахсларнинг эътироф этилиши 2003 йилда қабул қилинган БМТнинг Коррупцияга қарши курашиш конвенцияси талабларини ҳаётга изчил ва тўлиқ татбиқ этишга хизмат қилиши таъкидланди.
Шарҳлар