Кредитни вақтида тўламаган фуқароларнинг автомобиллари жарима майдончасига жойлаштирилди

Foto: MIB faoliyatidan

Cўнгги пайтларда кредит эвазига автомашина сотиб олиб, сўнгра кредит шартларини бажаролмай турли хил ҳуқуқий оқибатларга дуч келаётган айрим фуқаролар кўп учрамоқда.

МИБнинг Ангрен шаҳар бўлими иш юритувида Фуқаролик бўйича Оҳангарон туманлараро судининг ижро варақаларига асосан тижорат банклари фойдасига кредит қарздорликларни ундириш бўйича бир неча ижро ишлари мавжуд.

Иш юритувда қарздор Д.Рдан ундирувчи “DAVRBANK” АТБ фойдасига 419 миллион сўм кредит қарзини ундириш бўйича ижро ҳужжати бўлиб, бўлим давлат ижрочиси томонидан қарздорликни ундириш чораларини кўриш мақсадида қарздорнинг манзилига чиқди. Қарздор манзилидан топилмагач, ЙҲХБ ходимлари билан ҳамкорликда гаровга қаратилган “СНЕRY” автотранспорт воситаси ҳаракатланиб кетаётган пайтида тўхтатилган. Бюро ходимлари томонидан автомобиль тезда хатланиб, жарима майдончасига жойлаштирилган.

“Яна бир ҳолатда ижро ҳужжати бўйича қарздор Ҳ.Қ дан “DAVRBANK” ATБ фойдасига 286 миллион сўм кредит қарз ундириш белгиланган”, – дейилади хабарда.

Мазкур қарздорликни ундириш мақсадида бўлим давлат ижрочилари томонидан қарздорнинг яшаш манзилига борилган. Фуқаронинг гаровга қаратилган “JETOUR” автотранспорт воситаси хатланиб,жарима майдонига олиб кетилган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.