Kun.uz: собиқ бош прокурор муддатидан олдин шартли равишда озод этилди

Фото с сайта UzNews

10 йилга озодликдан маҳрум этилган Ўзбекистоннинг собиқ бош прокурори Рашид Қодиров муддатидан олдин шартли равишда озодликка чиқарилди. Бу маълумотни Kun.uz нашрининг ҳуқуқ-тартибот идораларидаги икки мустақил манбаси тасдиқлаган.

Қодиров озод этилгани ҳақида «Эзгулик» инсон ҳуқуқлари жамиятининг раиси Абдураҳмон Ташанов ҳам маълум қилган.

2019 йил 26 июнь куни Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди томонидан собиқ бош прокурор Рашид Қодиров ва жиноят ишининг бошқа иштирокчиларига нисбатан ҳукм чиқарилганди.

Суд ҳукмига кўра, Рашид Қодиров Жиноят кодексининг бир қатор моддаларида назарда тутилган оғир ва ўта оғир жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилди.

Жиноятлар пора олиш, пора беришга ундаш, фирибгарлик, солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан қасддан бўйин товлаш, суд ишларини тергов қилиш ёки ҳал этишга аралашиш, жиноий даромадларни легаллаштиришдан иборат бўлган. Бошқа жиноятлар давлат органлари, бошқарув ва жамоат бирлашмалари фаолияти тартибига қарши содир этилган, дейилади Олий суд баёнотида.

Ёпиқ суд мажлиси деярли олти ой давом этди. 200 га яқин гувоҳ тингланди.

Қодиров 10 йил қамоқ жазосига ва энг кам иш ҳақининг 500 баравари миқдорида жаримага тортилди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.