Куз-қиш мавсумига тайёргарлик учун 1,99 трлн сўм маблағ йўналтирилади
Вазирлар Маҳкамаси “Иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳа объектлари ва кўп квартирали уй-жой фондини 2022/2023 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга тайёрлашни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни қабул қилинди. Бу ҳақда “Норма” нашри ёзади.
Ҳужжат билан қуйидагилар назарда тутилмоқда:
- барча ҳудудларда мақбул нархларда озиқ-овқат ярмаркаларини ташкил этиш;
- “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” ва “Темир дафтар”га киритилган оилаларга кўмир ва суюлтирилган газни ўз вақтида етказиб бериш ҳамда болаларни иссиқ кийим-кечак билан таъминлаш;
- олис ва бориш қийин бўлган ҳудудларни ҳамда табиий офатлар туфайли йўллар талофат кўриши эҳтимоли мавжуд қишлоқ ва овулларга кўмир ва суюлтирилган газни етказиб бериш ҳамда 15-20 кунга етадиган асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари захирасини яратиш.
Шунингдек, ҳужжат билан электр, газ, сув таъминоти, иссиқлик энергияси, кўмир, суюлтирилган газ ва бошқалар билан таъминлашни назарда тутувчи иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳа объектлари ва кўп квартирали уй-жой фондини куз-қиш мавсумига тайёрлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар тасдиқланди. Уларга кўра, иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳа объектлари ва кўп квартирали уй-жой фондини куз-қиш мавсумига тайёрлашга 1,99 трлн сўм ажратилади, 737 км иссиқлик тармоқлари, 1,8 минг км сув таъминоти тармоқларини профилактика ва таъмирлаш ҳамда 1,68 млн тонна кўмир захирасини яратиш режалаштирилмоқда.
Масъул идораларга мавсумга тайёргарлик жараёни тўғрисида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари олдида ҳисобот бериб бориш вазифаси юклатилган.
Шарҳлар