Колорадо суди Доналд Трампнинг президентликка номзод қўйишни тақиқлади

Фото: AFP

Колорадо Олий суди АҚШнинг собиқ президенти Доналд Трампга ушбу штатдаги президентликка номзодини қўйишни тақиқлади, деб хабар бермоқда CNN. Агар қарор кучга кирса, Доналд Трамп Колорадодаги сайлов бюллетенида кўринмайди. Суд тегишли қарорни АҚШ Конституциясининг мансабдор шахсларига, агар улар исёнда қатнашган бўлса, давлат лавозимларида ишлашни тақиқловчи 14-тузатишга асосланиб чиқарган.

Колорадо Олий суди қарори 2021-йил 6-январдаги воқеаларни, жаноб Трампнинг сайловдаги мағлубиятини тан олмаган тарафдорлари томонидан Капитолийга бостириб киришини қўзғолон сифатида тан олади.

“Президент Трамп шунчаки қўзғолонни қўзғатмади. <…> Капитолийга бостириб кириш авжида бўлса ҳам, у уни қўллаб-қувватлашда давом этди ва вице-президент Пенсдан конституциявий бурчларидан воз кечишни қайта-қайта талаб қилди ва сенаторларни сайлов овозларини санашни тўхтатишга чақирди. Бу ҳаракатлар қўзғолонда очиқ, ихтиёрий ва тўғридан-тўғри иштирок этишдан иборат эди”, — дея хулоса қилган суд.

Тўрт судя Трампнинг сайловда иштирок этишини тақиқлаш учун овоз берди; учта судя, жумладан, бош судя Браян Боатрайт қарорни қўллаб-қувватламади.

Суд қарори 2024-йил 4-январгача кучга кирмайди. Бу собиқ президентга АҚШ Олий судига мурожаат қилиш имкониятини беради.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.