Метан “заправка” 37 млрд 534 млн сўмлик табиий газни “ўмарган”

Фото: Энергетика вазирлиги

Тошкент вилоятида метан “заправка” 37 млрд 534 млн сўмлик табиий газдан ноқонуний фойдалангани аниқланди, деб ёзяпти Энергетика вазирлиги матбуот хизмати.

“Энергетика вазирлиги ҳузуридаги “Ўзэнергоинспекция” томонидан Бош прокуратура ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа органлар ҳамда газ таъминоти корхонаси мутахассислари билан ҳамкорликда 17 феврал куни Тошкент вилоятида жойлашган автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчасида ўтказилган назорат тадбири давомида табиий газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолати аниқланди. Хусусан, Оҳангарон туманида жойлашган “О.П.П.” МЧЖга қарашли АГТКШга тортилган газ қувури кўздан кечирилганида, яширин йўллар билан қўшимча тармоқ тортиб, табиий газдан ноқонуний фойдаланиб келган”, – дейилади хабарда.

Бунинг натижасида, дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, давлат манфаатларига етказилган зарар миқдори жами 37 млрд 534 млн сўм (25 млн 23 минг метр куб табиий газ)ни ташкил этган.

Қоидабузар истеъмолчига нисбатан белгиланган тартибда чоралар кўриш учун тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, ҳуқуқни муҳофаза этувчи органларга тақдим қилинган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.