Москвада яшовчи ўзбекистонлик Россия фуқаролиги йўқлигига қарамасдан “военкомат”дан чақирув қоғозини олди

Источник: телеграм-канал ASTRA

Ўзбекистонлик Сирож Набиев Россия фуқаролиги ва пропискаси йўқлигига қарамай, “военкомат”дан  чақирув қоғозини олди. Бу ҳақда «Медиазона» нашри ёзади.

“Мен Москвада яшайман, лекин ҳеч қачон Россия Федерацияси фуқароси бўлмаганман. Шунга кўра, мен ҳеч қандай ҳарбий рўйхатга тура олмайман. Мен Ўзбекистон элчихонасига мурожаат қилдим, улар менга келиб ариза ёзишимни айтишди, шунингдек, чақирув қоғози бўйича ҳеч қаерга бормаслигим кераклиги ҳақида огоҳлантиришди”, — дейди ҳайратда қолган ўзбекистонлик фуқаро.

Бу хорижликларга чақирув қоғози топширилган биринчи ҳолат эмас. Октябрь ойи бошида шу тарзда Санкт-Петербургда Қозоғистон фуқаросини армияга чақиришга уринишгани хабар қилинган эди. Тўғри, маҳаллий “военкомат” чақирув қоғози «янглиш» келганини тан олди, аммо барибир «рўйхатдан ўтиш ва бу ҳақда бошқа ўйламаслик» учун унга “военкомат”га келишни тавсия қилишди.

Шунингдек оммавий ахборот воситалари Владимир Путин томонидан эълон қилинган қисман сафарбарликдан сўнг, Россиянинг Санкт-Петербургдан Владивостокгача бўлган турли шаҳарларида яшовчи юзлаб тожикистонликлар чақирув қоғозини олгани ҳақида ёзганди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.