Ўзбекистон президентининг Астана шаҳрида ўтказилаётган саммитда сўзлаган нутқининг асосий тезислари

Источник: пресс-служба президента Узбекистана

Президент Шавкат Мирзиёев Астана шаҳрида Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгашнинг олтинчи саммитида нутқ сўзлади. Давлат раҳбари ушбу тадбирда нималар ҳақида гапиргани ҳақида қисқача тўхталиб ўтамиз.

Афғонистон

Президент Афғонистондаги вазиятни тартибга солиш ва у ерда тинч ҳаётни тиклаш муҳимлигига эътибор қаратди. Бу мамлакат халқаро террорчилик марказига айланмаслиги учун зарурлиги таъкидланди.

Шавкат Мирзиёев Афғонистон муваққат ҳукумати билан ўзаро ҳамкорлик бўйича умумий ва мувофиқлаштирилган ёндашувларни ишлаб чиқиш зарурлигини қайд этди. У бунинг учун юқори даражадаги халқаро музокара олиб борувчи гуруҳни шакллантириш ҳақидаги ташаббус ифода этилган Осиё мамлакатларининг БМТ Бош Ассамблеясига қўшма мурожаати имкониятларини кўриб чиқишни таклиф этди.

Президент мамлакатлар радикал ғояларнинг кенг хуружига янада кўпроқ тўқнаш келаётганига эътибор қаратди: “Бузғунчи кучлар тарғибот ва мафкуравий таъсирнинг янги услубларидан фойдаланган ҳолда экстремистик ташкилотларга ёшларни фаол жалб этмоқда. Шу муносабат билан ёш авлодни радикализмдан асраш, уларнинг куч-ғайрат ва шижоатини бунёдкорлик сари йўналтириш учун тизимли ҳамкорликни ўрнатишимиз керак”.

Авлодлар мулоқоти

“Ўғил-қизларимиз ўз кучига ишониши, адолатли келажакни қарор топтиришда ўз иштирокини ҳис этиши, ўз салоҳият ва умидларини амалда рўёбга чиқариш имкониятларига эга бўлиши лозим”, – деди президент.

«Мажлисимизнинг Ёшлар кенгаши ҳамраиси сифатида турли ёшдаги инсонлар ўртасида бир-бирини яхшироқ тушунишга даъват этадиган, фарзандларимизнинг энг долзарб муаммоларига биргаликда ечим излашга кўмаклашувчи янги форматни – Авлодлар мулоқотини йўлга қўйишни таклиф этамиз. Ёш етакчилар Форуми доирасида бундай илк учрашувни 2023 йил апрель ойида Самарқандда ўтказишга тайёрмиз», — дея қайд этди давлат раҳбари.

Глобал инқироз оқибатлари

Президент Шавкат Мирзиёев ўз нутқида иқтисодиётларимизни глобал инқирознинг ўсиб бораётган салбий оқибатларига мослаштириш зарурлигини кўрсатиб ўтди.

Бу ўринда:

– протекционизмнинг кучайишига, глобал бозорларни беқарор қиладиган омилларни, жумладан янги чекловларнинг жорий этилишига йўл қўймаслик;

– Осиё қитъасида ўзаро боғлиқликни, биринчи галда, ишлаб чиқариш-логистика занжирини, Марказий Осиёни Жанубий ва Шарқий Осиё, шунингдек, Яқин Шарқ билан самарали боғловчи транспорт йўлакларини яратиш ҳисобига кучайтириш муҳимлиги таъкидланди.

Шавкат Мирзиёев саммитда ФАО шафелигида келгуси йили Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган халқаро конференцияда озиқ-овқат хавфсизлиги масалаларини муҳокама қилишни таклиф этди.

«Бутунжаҳон озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти ҳисоб-китобларига кўра, очликдан азият чекаётган сайёрамиз аҳолисининг ярмидан кўпи Осиё қитъасида яшамоқда. Парадокс шундан иборатки, бир вақтнинг ўзида айнан бизнинг мамлакатларимиз жаҳоннинг етакчи озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи давлатлари ҳисобланади”, – деди президент ва бу борада янги ёндашувлар:

– озиқ-овқат ишлаб чиқаришнинг барқарор тизимларини ва уни етказиб беришнинг оптимал занжирини шакллантириш;

– ички минтақавий савдо ўсиши учун техник регламентларни уйғунлаштириш;

– Осиёда озиқ-овқат хавфсизлигини мониторинг қилиш яхлит тизимини яратишни таклиф қилди.

Шавкат Мирзиёев Қозоғистоннинг Кенгашга 2024 йилга қадар раисликни давом эттириш ниятини қўллаб-қувватлади.

Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш аъзолари форумни халқаро ташкилотга айлантириш тўғрисида баёнот қабул қилди.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.