«Навоийазот» корхонасида қиймати 1,5 млрд долларлик иккита лойиҳа ишга туширилди
Президент Шавкат Мирзиёев 27 август куни «Навоийазот» акциядорлик жамиятига ташриф буюрди. Бу ерда бирйўла иккита завод – азот кислотаси ҳамда аммиак ва карбамид ишлаб чиқариш корхоналарининг очилиш маросими бўлди.
Манба: president.uz
Умумий қиймати 1,5 миллиард доллар бўлган ушбу лойиҳалар “Навоийазот”да маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини 3 баробар ошириб, бу кўрсаткични йиллик 150 миллион доллардан 410 миллион долларгача олиб чиқади, дейилади давлат раҳбари матбуот хизматининг хабарида.
Ўзбекистонга биринчи марта олиб келинган, энг илғор технологиялар билан жиҳозланган ушбу замонавий мажмуалар 60 йил аввалги эски қувватлар ўрнини тўлиқ эгаллаши кўзда тутилган.
Хусусан, биринчи корхонада йилига 660 минг тонна аммиак ва 578 минг тонна карбамид ишлаб чиқарилади. Бунда, бир тонна аммиак ишлаб чиқариш учун энергия сарфи 2,5 марта камаяди.
Иккинчи корхонада эса йилига 500 минг тонна азот кислотаси ишлаб чиқарилиб, электр энергияси сарфи 18 марта қисқаради.
Фақатгина ана шу иккита лойиҳа эвазига ишлаб чиқарилаётган азотли ўғитнинг таннархи 30 фоизга пасаяди.
Давлат раҳбари рамзий тугмани босиб, азот кислотаси ҳамда аммиак ва карбамид корхоналарини ишга туширди.
«Бугун поливинилхлорид корхонасининг иккинчи босқичи қурилиши бошланди. 400 миллион доллар қийматга эга бўлган ушбу лойиҳа поливинилхлорид ишлаб чиқариш қувватини йилига 100 минг тоннадан 220 минг тоннага, каустик содани эса 75 минг тоннадан 165 минг тоннага етказиш имконини беради. Шу тариқа электротехника, мебелсозлик, қурилиш материаллари саноати, маиший кимё ва бошқа соҳаларда йилига талаб юқори бўлган 210 миллион долларлик маҳсулотлар тайёрлаш йўлга қўйилади. Уни 2023 йилда ишга тушириш мўлжалланган».
Шавкат Мирзиёев яқин йилларда бу кластерда умумий қиймати 3,4 миллиард доллар бўлган 23 та лойиҳа амалга оширилишини қад этди. ластер доирасида 33 турдаги юқори қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқарилади. Хусусан, йил якунига қадар кластер доирасида кимё, чарм, мебелсозлик ва қурилиш материаллари саноати учун маҳсулот ишлаб чиқарадиган 2 та лойиҳа ишга туширилади.
«Энг муҳими, шу асосда “Навоийазот”да қўшимча 3 мингтадан зиёд янги иш ўринлари очилади», – дейди президент.
Кимё-технологик кластерларни яратиш
Манба: president.uz
Келгуси йилларда 6 та кимёвий технологик кластер ташкил этиш режалаштирилган. «Навоийазот» улардан биринчисига айланди.
Иккинчи кластер Бухоро вилоятида жойлаштирилади ва у ерда табиий газдан полиэтилентерефталат (ПЭТ), поливинилацетат (ПВА), полипропилен ҳамда бошқа полимерлар ишлаб чиқарилади. Улар асосида тайёр маҳсулот ва буюмлар чиқарадиган ўнлаб замонавий корхоналар ташкил топади.
Учинчи кластер Қашқадарё вилоятида Шўртан газ-кимё комплекси ва Деҳқонобод калий заводи негизида бўлади. Унда ювиш ва маиший кимё воситаларининг асосий компонентлари, бимодал полиэтилен ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқарилади.
“Фарғонаазот” негизида бўладиган тўртинчи кластерда лок-бўёқлар, мебель учун меламин, тўқимачилик саноати учун сунъий толалар ишлаб чиқариш кўзда тутилган.
Бешинчи кластер Қорақалпоғистон Республикасида, Устюрт ҳудудида жойлаштирилади. Унда кальцийланган сода, поливинилхлорид, полиэтилен ва полипропилен ишлаб чиқарилади.
Олтинчи кластер Тошкент вилоятида ташкил этилади. Унда моноаммонийфосфат, олтингугуртли карбамид, бошқа фосфорли ва азотли минерал ўғитлар, протеин, ювиш воситалари тайёрланади.
Бу лойиҳалар натижасида 2026 йилга бориб, кимёвий товар маҳсулотлари ҳажми жорий йилга нисбатан 3 марта ортади ва 2030 йилда мамлакатимиз ялпи ички маҳсулотининг 7 фоизини ташкил этади.
Давлат раҳбари бу соҳадаги улкан лойиҳалар учун малакали мутахассислар тайёрлаш зарурлигини таъкидлади. Шу мақсадда Тошкентдаги Улуғбек шаҳарчасида кимё соҳасида илмий ва таълим кластери ташкил этилади. Бу кластер 4 та олий таълим муассаси ва кимё бўйича замонавий илмий-тадқиқот марказини қамраб олади.
Шунингдек, президент поливинилхлорид ишлаб чиқариш лойиҳасининг иккинчи босқичи қурилишига тамал тоши қўйди.
Шарҳлар