Навоийда спорт жиҳозлари ошириб кўрсатилган нархларда харид қилинган
Навоий вилоят халқ таълими бошқармаси спорт жиҳозларини ошириб кўрсатилган нархларда харид қилган. Бу Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Навоий вилоят бошқармаси томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида аниқланди, деб ёзади UzNews нашри.
Навоий вилояти халқ таълими бошқармаси ва “I.A.” МЧЖ моддий жавобгар шахслари «Давлат харидлари тўғрисида”ги қонунга зид равишда талабларига зид равишда 8 турдаги спорт анжомларини ҳақиқий баҳосидан 787,8 млн сўмга қиммат нархларда харид қилишган.
Худди шу тарзда, вилоятнинг собиқ Туризм ва спорт бош бошқармаси моддий жавобгар шахслари 2021 йилнинг декабрь ойида 22 турдаги спорт анжомлари ҳақиқий баҳосидан 598,9 млн сўмга қиммат нархларда сотиб олганликлари оқибатида, давлат ва жамият манфаатларига жуда кўп миқдорда зарар етказилганлиги аниқланди.
Бундан ташқари, ўтган йилнинг декабрь ойида 8 нафар ўқувчининг Москва шаҳрига Халқаро мусобақага бориб-келиш харажатларини ота-оналар томонидан тўлаб берилган бўлса-да, сохта ҳужжатлар расмийлаштирилиб 80 млн сўм бюджет маблағи ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилинганлиги аниқланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан ЖКнинг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 205-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Шарҳлар