Ногиронлик бўйича пенсиялар ҳар икки йилда қайта ҳисобланади
Ҳозирги кунда ногиронлик пенсияси фуқароларнинг аввалги ишлаган стажи ва ойлигидан келиб чиқиб ҳисобланади. Бу – 75 мингдан ортиқ ишлаётган ногиронлиги бор фуқароларнинг даромадига бевосита таъсир қилмоқда. Энди, уларнинг пенсияси ҳар икки йилда қайта ҳисобланиб, иш стажи ва ойлигига қараб ошириб борилади. Бунга 300 миллиард сўм қўшимча маблағ йўналтирилади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев раислигида 29 апрель куни эҳтиёжманд аҳолининг ижтимоий ҳимоясини янада кучайтириш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида маълум қилинди.
Ногиронлиги бўлган кексаларга ҳам, алоҳида эътибор қаратилади. Мисол учун, аввал ишламаган, “Саховат” уйларидаги яшовчи мингга яқин кишига ҳозир ҳеч қандай тўлов йўқ. Энди уларга ҳам шахсий харажатлари учун қарилик нафақасининг 20 фоизи тўлаб берилади.
Оилавий болалар уйларига бюджетдан маблағ ажратиш тартиби соддалаштирилади. Яъни, кундалик харажатларни қоплаш учун маблағ ота-оналарнинг шахсий пластик картасига ўтказилади.
Умуман, 376 та Меҳрибонлик, Саховат ва Мурувват уйлари, махсус мактаб-интернатларни таъмирлаш ва жиҳозлаш бўйича 600 миллиард сўмлик алоҳида дастур қабул қилиниши айтилди.
Шарҳлар